ЁШЛАР УЧУН
10. Ишончли бўлиш
НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Ишончли одамлар ота-онаси, дўстлари ва иш берувчиларнинг ишончини қозонишади. Улар тартиб-қоидаларга риоя қилишади, ваъдаларининг устидан чиқишади ва доимо рост гапиришади.
НЕГА БУ МУҲИМ?
Қанча эркинликка эга бўлишингиз, кўпинча муайян вақт мобайнида қанчалик ишонч қозона олганингиз билан чамбарчас боғлиқ.
«Ота-онангиз ишончини қозонишнинг энг яхши йўли, нафақат уларнинг кўз олдида, балки улар ёнингизда бўлмаганда ҳам етук ва масъулиятли инсон эканингизни намоён этишдир». (Серахи)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Буни намунали... ишлари билан кўрсатсин». (Ёқуб 3:13)
НИМА ҚИЛСАНГИЗ БЎЛАДИ?
Кўпроқ ишонч қозонишни истайсизми ёки йўқотилган ишончни тиклашними, қуйида келтирилган қадамлар сизга ёрдам беради.
Ростгўй бўлинг. Ёлғон гапириш бошқаларнинг сизга бўлган ишончини йўққа чиқаради. Аксинча, очиқ ва ростгўй бўлсангиз — айниқса, хато қилган пайтларингизда — бошқаларнинг ишончини қозона оласиз.
«Ҳаммаси яхши кетаётганда ростгўй бўлиш осон. Аммо сизни ёмон қилиб кўрсатадиган вазиятларда ҳам ростгўй бўлсангиз, одамларнинг сизга бўлган ишончи янада ошади». (Каимен)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Ҳар нарсада ҳалол бўлишни истаймиз». (Ибронийларга 13:18)
Ишончли бўлинг. Қўшма Штатларда ўтказилган бир сўровда инсон ресурслари бўйича мутахассислар шуни аниқлашдики, ишга қабул қилиш учун энг муҳим учта талаблардан бири инсоннинг ишончли бўлиши экан. Ҳозирдан ишончли инсон бўлишга интилсангиз, улғайганингизда фойдасини кўрасиз.
«Ота-онам мен қачон масъулиятни ҳис қилаётганимга ва қайта-қайта эслатмасларидан аввал зиммамдаги вазифаларни бажараётганимга эътибор беришади. Бу борада қанчалик кўп ташаббус кўрсатсам, уларнинг менга бўлган ишончи шунчалик ортади». (Сара)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Сизнинг розилигингизга умид боғлаб, сўраганимдан ҳам ортиқроғини бажаришингизни биламан». (Филимўнга 21)
Сабр-тоқатли бўлинг. Бошқалар жисмонан ўсганингизни тезда пайқашлари мумкин, аммо ҳиссий ва ақлий жиҳатдан улғайганингизни сезишлари учун кўпроқ вақт керак бўлади.
«Ота-онангиз ва бошқаларнинг ишончига сазовор бўлиш учун кўп тер тўкишингизга тўғри келади. Лекин доимо масъулиятли бўлишга интилсангиз, бунга аста-секин эришасиз». (Брэндон)
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ПРИНЦИП: «Сабр-тоқатга... бурканинглар». (Колосаликларга 3:12)