Биласизми?
Римликлар устунда қатл этилган инсонларни, масалан, Исо Масиҳни дафн этишга рухсат бериши мумкинмиди?
ИСОНИ иккита жиноятчи ўртасида устунга михлашгани ва қатл этишгани ҳақидаги ҳикоя кўпларга таниш. (Мат. 27:35–38) Лекин баъзилар Исонинг жасади дафн этишга тайёрланиб, қабрга қўйилгани ҳақида Муқаддас Китобда ёзилганлар аниқ эмас, деб таъкидлайди. (Марк 15:42–46)
Инжил китобини танқид қиладиган баъзилар қатл этилган инсонларни дафн қилишга, масалан, қабрга қўйишга рухсат берилганига ишонишмаган. Улар жиноятчи сифатида қатл этилганлар бошқача тарзда дафн этилганининг эҳтимоли юқори, деб ҳисоблашган. Ариел Сабар исмли мухбир бир журналда бундай нуқтаи назарни қуйидагича тушунтирган: «Хочга михлаш жамиятдаги ашаддий жиноятчилар учун берилган жазо эди. Баъзи мутахассислар учун римликлар бундай инсонларни ўринли тарзда дафн этишга рухсат бергани ҳақидаги фикр кулгилидир». («Smithsonian») Римликлар жиноятчиларни қаттиқ камситишга ҳаракат қилган. Шу боис, таналарини йиртқич ҳайвонлар еб кетиши учун уларни устунда қолдирган. Қолдиқларини эса умумий қабрга ташлаган.
Лекин археологлар қатл этилган баъзи яҳудийларнинг қолдиқларидан ўзгача бир нарсани очиб беришган. 1968 йили биринчи асрда қатл этилган кишининг қолдиқлари топилган. Улар Қуддус яқинида яҳудий оилага тегишли қабрда бўлган. Ўша қолдиқлар оссуарий ёки марҳумнинг суяклари сақланадиган идишда эди. Қолдиқлар орасида оёқнинг товон қисми бор эди. У 11,5 сантиметр бўлган темир мих билан ёғочга қоқилган эди. Ариел Сабар шундай деди: «Иехоханан исмли кишининг товони Исо қабрга қўйилгани ҳақидаги узоқ давомли баҳс-мунозараларга нуқта қўйишга ёрдам берди». Аҳамиятли томони шундаки, «ўша кишининг товони Исонинг даврида устунга михланган кишиларнинг мисоли бўлиб, римликлар яҳудийларга жасадни қабрга қўйишга рухсат берганини кўрсатяпти».
Иехохананнинг топилган товони туфайли Исо устунга қандай ҳолатда михлангани борасида турли қарашлар мавжуд. Лекин шуниси аниқки, қатл этилган баъзи жиноятчилар дафн этилган ва шунчаки умумий қабрга ташланмаган. Дарҳақиқат, Муқаддас Китобда Исонинг танаси қабрга қўйилгани ҳақидаги маълумот ишончга сазовор. Топилмалар Муқаддас Китобдаги сўзлар ҳақ эканини исботлаяпти.
Энг муҳими, Яҳова Исо Масиҳ бой кишининг қабрига қўйилишини башорат қилган. Ҳеч нарса Худонинг сўзи бажо бўлишига тўсқинлик қила олмайди. (Ишаё 53:9; 55:11)