Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Имонни ривожлантириб, доно қарорлар чиқаринг!

Имонни ривожлантириб, доно қарорлар чиқаринг!

Ишонч билан, асло шубҳаланмай сўранг. ЁҚБ. 1:6

ҚЎШИҚЛАР: 54, 42

1. Қобилнинг доно қарор чиқариш қобилиятига нима таъсир қилди ва бунинг натижаси қандай бўлди?

ҚОБИЛ муҳим қарор олдида турганди. У ё гуноҳли истаклари устидан ҳокимлик қилишни, ё ҳис-туйғулар унинг ҳаракатларини бошқаришига йўл қўйишни танлаши керак эди. У қандай қарор чиқаришидан қатъи назар, бу қарорнинг оқибатлари унинг қолган ҳаётида из қолдирмай кетмасди. Қобил қандай қарорга келгани сизга маълум: у яхши танлов қилмади. Чунки у чиқарган қарорнинг оқибатида садоқатли укаси Ҳобил ҳаётдан маҳрум бўлди. Устига-устак, Қобилнинг қарори Парвардигор билан бўлган муносабатларига таъсир қилди. (Ибт. 4:3–16)

2. Доно қарор чиқариш қобилияти қанчалик аҳамиятли?

2 Шу сингари бизга ҳам танлаш ва қарор чиқаришга тўғри келади. Қарорларимизнинг ҳар бири ҳам ҳаёт-мамот масаласи эмасдир. Лекин аксарият қарорларимиз ва танловимиз бизга қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Доно қарор қабул қилиш қобилияти эса бизга тартибсизлик, келишмовчилигу умидсизликдан холи, деярли равон ва сокин ҳаёт кечиришга ёрдам бера олади. (Ҳик. 14:8)

3. а) Нима ёрдамида оқилона қарорлар чиқара оламиз? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

3 Нима ёрдамида оқилона қарорлар чиқара оламиз? Биз, албаттаки, имонга эга бўлишимиз ва Худо оқил бўлишимизга ёрдам беришда ҳам тайёр, ҳам қодир эканидан шубҳаланмаслигимиз даркор. Шунингдек, Аллоҳнинг маслаҳатларига таяниб, Унинг Каломига ва йўл-йўриқларига ишонишимиз лозим. (Ёқуб 1:5–8 ни ўқинг.) Яҳовага яқинлашганимиз ва Каломига бўлган севгимиз ўсгани сайин, Унинг ҳукмларига ишона бошлаймиз. Шу тариқа биз қарорлар чиқаришдан олдин Муқаддас Китобдан маслаҳат излаш одатини ривожлантирамиз. Хўш, қай йўсин қарор чиқариш қобилиятимизни яхшилай оламиз? Қарор чиқаришга тайёр бўлиш ҳар қандай вазиятда қарорларимизда туриб олишни англатадими? Мазкур мақолада бу саволларга жавобларни кўриб чиқамиз.

ҲАЁТ ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИШНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

4. Одам қайси қарор олдида турганди ва бунинг оқибати қандай бўлди?

4 Инсон яратилганидан бошлаб, эркагу аёлларга муҳим қарорлар чиқаришга тўғри келган. Масалан, Одам ё Яратувчисига, ё Ҳавога қулоқ солиш танлови олдида турганди. У қарор қабул қилишга тайёр бўлган, аммо нима деб ўйлайсиз, у қандай қарорга келган? Одамато тўғри йўлдан адашган хотинининг таъсири туфайли жуда ёмон қарор чиқарган. Оқибатда у жаннатдаги ҳаётни ва, охири, ўз ҳаётини ҳам қўлдан бой берган. Аммо бу йўқотишлар фақатгина бошланиши эди, холос. Зеро, барчамиз ҳали-ҳануз Одамато қабул қилган даҳшатли қарорнинг аччиқларини тотиб келмоқдамиз.

5. Қарор қабул қилиш масаласига қандай қарашимиз керак?

5 Баъзиларнинг ўйлашича, қарорлар чиқаришимизга тўғри келмаганида, ҳаётимиз осонроқ бўларди. Эҳтимол, сиз ҳам шу фикрга қўшиларсиз. Аммо шуни унутмангки, Яҳова одамларни ўйлашга ва қарор чиқаришга қодир бўлмаган роботлар қилиб яратмаган. Аксинча, У бизни Каломи орқали оқилона қарорлар чиқаришга ўргатиб келяпти. Демак, Яҳова қарор қабул қилишимизни истайди ва бу масъулият бизга ёрдам бериши мумкин. Келинг, бунинг айрим далиллари борасида фикр юритайлик.

6, 7. Қадимги исроилликлар қайси қарор олдида туришганди ва нима учун уларга доно қарор қабул қилиш қийин бўлган? (Очқич оятнинг юқорисидаги расмга қаранг.)

6 Қадимги исроилликлар ваъда қилинган юртда жойлашиб олишганида, Яҳовага топиниш ёки бошқа худога (ёхуд худоларга) сажда қилиш каби ўта муҳим бир танлов остонасида туришганди. (Ёшуа 24:15 ни ўқинг.) Бир қарашда бу оддий қарордек туюлиши мумкин. Лекин аслида, уларнинг танлови ҳаёт-мамот масаласи эди. Ҳакамлар даврида исроилликлар қайта-қайта нодон қарорлар чиқаришганди. Улар Яҳовадан юз ўгириб, сохта худоларга сажда қилишганди. (Ҳак. 2:3, 11–23) Ё бўлмаса тарихдаги бошқа бир мисол — Худонинг халқи қарор чиқариши керак бўлган вазиятни олайлик. Илёс пайғамбар халққа уларда қандай танлов борлигини аниқ қилиб таъкидлаб ўтди. Улар ёки Яҳовага, ёки сохта худо Баалга хизмат қилишни танлашлари лозим эди. Халқ журъатсиз бўлгани учун, Илёс уларга танбеҳ берди. Сиз шундай деб ўйлашингиз мумкин: «Бу осон танлов, ахир Яҳовага хизмат қилиш энг доно ва доимо фойда келтирадиган йўл-ку!» Ростдан ҳам, эс-ҳушли одам жонсиз худога сажда қилмайди. Бироқ ўша исроилликлар бошқача фикрга эга эди. Шунинг учун ҳам Илёс уларга: «Қачонгача бир қарорга келолмай юрасизлар?» — деб айтиб, донолик ила уларни топинишнинг энг тўғри йўли — Яҳовага топинишни танлашга чорлаганди. (3 Шоҳ. 18:21, ЯДТ)

7 Нима учун ўша исроилликларга оқилона қарор чиқариш қийин бўлган? Биринчидан, улар Яҳовага бўлган имонини йўқотишган ва Унга қулоқ солмай қўйишган. Улар на аниқ билимга ёки илоҳий ҳикматга асосланган пойдевор қуришган, на Яҳовага таянишган. Борди-ю, улар аниқ билимга асосланиб йўл тутишганларида эди, бу уларга оқилона қарорлар чиқаришга кўмаклашарди. (Заб. 24:12) Қолаверса, исроилликлар бошқалар уларга таъсир ўтказиб, ҳатто улар учун қарор чиқаришларига йўл қўйиб беришди. Ўша юртда яшаб, Яҳовага топинмаган инсонлар исроилликларнинг фикрлаш тарзига таъсир қилиб, уларни бутпараст одамлар тўдасига эргашишга ундашди. Шуниси эътиборлики, Яҳова бундай ҳол юз бериши мумкинлиги борасида анча олдин огоҳлантирганди. (Чиқ. 23:2)

БОШҚАЛАР БИЗ УЧУН ҚАРОР ЧИҚАРИШЛАРИ КЕРАКМИ?

8. Қарор чиқариш борасида исроилликлар мисолидан қандай муҳим сабоқ олдик?

8 Юқорида айтиб ўтилган мисолларда биз учун яққол бир сабоқ мавжуддир: ҳар биримиз шахсан қарор чиқаришимиз керак ва бу қарорларимиз доно ҳамда тўғри бўлишини истасак, улар Муқаддас Ёзувлардаги аниқ билимга асосланган бўлиши лозим. Галатияликларга 6:5- оят бизга «ҳар ким ўз аравасини ўзи тортишини» эслатмоқда. Биз қарор чиқариш масъулиятини бошқаларга юкламаслигимиз даркор. Бунинг ўрнига, Худонинг назарида нима тўғри эканини шахсан билиб олиб, шунга яраша йўл тутишни танлашимиз зарур.

9. Нима учун ўрнимизга бошқалар қарор қабул қилишига йўл қўйиб бериш хавфли бўлиши мумкин?

9 Қай тариқа ўрнимизга бошқалар қарор қабул қилишига йўл қўйиб бериш хавфига тушиб қолишимиз мумкин? Тенгдошларнинг босими нотўғри қарор чиқаришимизга олиб келиши мумкин. (Ҳик. 1:10, 15) Бошқалар бизга қандай босим ўтказмасин, Муқаддас Китобга асосланиб тарбияланган виждонимизга қулоқ солишимиз даркор. Кўпинча, ўрнимизга бошқалар қарор чиқаришига йўл қўйиб бериб, аслида, «уларнинг йўлидан юришга» қарор қилган бўламиз. Тўғри, бу ҳам бир танлов, лекин у жудаям хатарлидир.

10. Павлус галатияликларга қандай огоҳлантириш берганди?

10 Ҳаворий Павлус галатияликларга ўрниларига бошқалар қарор қабул қилишларига йўл қўйиш хавфли экани тўғрисида аниқ-равшан огоҳлантириш берганди. (Галатияликларга 4:17 ни ўқинг.) Жамоатдаги баъзилар бошқаларни ҳаворийлардан айириш мақсадида уларнинг ўрнига қарор чиқаришмоқчи бўлишган. Нега? Ушбу худбин кишилар ўзлари учун шуҳрат излашган. Улар чегарадан чиқиб кетишган ва имондошларининг ўзлари қарор қабул қилиш масъулиятини ҳурмат қилишмаган.

11. Бошқаларга шахсий қарор чиқариш керак бўлганда уларга қандай кўмаклашишимиз мумкин?

11 Павлус қарор чиқариш масаласида имондошларининг ирода эркинлигини ҳурмат қилишда яхши ўрнак қолдирган. (2 Коринфликларга 1:24 ни ўқинг.) Бугунги кунда ҳам оқсоқоллар бошқаларга шахсий қарор чиқариш керак бўлган вазиятларда маслаҳат беришганда, ушбу намунага эргашишлари лозим. Улар сурувдаги бошқа қўйлар билан Аллоҳнинг Каломига асосланган маълумотни бўлишишдан қувонишади. Лекин шу билан бирга, имондошларига шахсан қарор чиқаришга имкон беришади. Бу оқилонадир, негаки кейинчалик ўша биродару опа-сингилларга чиқарган қарорларининг оқибатлари билан яшашга тўғри келади. Бунда биз учун муҳим ибрат бор: биз бошқаларга қизиқиш кўрсатиб, уларга ёрдам беришга тайёр бўлишимиз ва уларнинг диққатини Муқаддас Ёзувлардаги принципларга ёки маслаҳатларга қаратишимиз лозим. Аммо шуни унутмаслик керакки, бошқалар шахсан қарор чиқаришга ҳақли ва бу уларнинг масъулиятидир. Агар улар буни донолик ила қилишса, бундан фойда олишлари турган гап. Кўриниб турибдики, «имондошларимнинг ўрнига қарор чиқаришга ҳаққим бор» деган фикрдан қочишимиз даркор.

Ғамхўр оқсоқоллар бошқаларга ўзлари қарор чиқаришни ўрганишларига кўмаклашишади (11- хатбошига қаранг.)

ҲИС-ТУЙҒУЛАР ЖЎШ УРГАНДА ҚАРОР ЧИҚАРИШ

12, 13. Нима учун жаҳлимиз чиққанида ёки тушкунликка тушганимизда шунчаки қалбимизга қулоқ солиш хавфли?

12 «Қалбингга қулоқ сол» деган фалсафа ва нақл бугун кўпларнинг оғзидан тушмайди. Бироқ бундай йўл тутиш хавфли бўлиши мумкин ва маълум даражада Муқаддас Китобга тўғри келмайди. Аллоҳнинг Каломи бизни қарор чиқараётганда гуноҳкор қалб ёки шунчаки ҳис-туйғуга берилишдан огоҳлантирмоқда. (Ҳик. 28:26) Қолаверса, Муқаддас Ёзувлардаги баёнотлар ўз қалбига қулоқ солишнинг оқибати ёмон бўлишини кўрсатяпти. Номукаммал «одамнинг юраги шунчалик айёр-ки, Унинг давоси йўқ» ва бу асосий муаммодир. (Ерм. 3:17; 13:10; 17:9; 3 Шоҳ. 11:9, 10) Демак, шунчаки қалбимизга қулоқ солиш биз учун нимани англатиши мумкин?

13 Масиҳийлар учун қалб муҳим аҳамиятга эга, зеро Яҳова бизга Уни бутун қалбимиз билан, яқинимизни эса ўзимизни севгандай севишни амр этган. (Мат. 22:37–39) Аммо олдинги хатбошида келтирилган Муқаддас Китобнинг парчаларида ҳис-туйғулар фикрлаш тарзимизнию хатти-ҳаракатларимизни ўз амрига бўйсундиришига йўл қўйиш хавфли экани таъкидланганди. Мисол учун, жаҳл устида қарор чиқарсак, оқибати қандай бўлади? Агар ўтмишда шундай қилган бўлсак, бу қандай якун топишини биламиз. (Ҳик. 14:17; 29:22) Ёки бўлмаса, тушкунликка тушганимизда оқилона қарорлар чиқара оламиз, деб айтса бўладими? (Саҳ. 32:6–12; Ҳик. 24:10) Шуни унутмангки, Муқаддас Китоб «Худонинг қонунига қул бўлиш» оқил йўл эканини кўрсатмоқда. (Рим. 7:25) Ҳа, муҳим қарорларни қабул қилганимизда ҳис-туйғуларимиз устун келишига йўл қўйсак, улар бизни осонликча алдаши мумкин.

ҚАРОРЛАРИНГИЗНИ ЎЗГАРТИРИШГА КЕЛГАНДА

14. Қарорларни ўзгартиришнинг ёмон жойи йўқлигини қаердан биламиз?

14 Биз доно қарорлар чиқаришимиз керак. Лекин бу қачонлардир қабул қилган қароримизни ўзгартириш мумкин эмаслигини англатмайди. Баъзан қароримизни қайтадан кўриб чиқишга ва, эҳтимол, ўзгартиришга тўғри келади. Бу борада Юнуснинг даврида Яҳова Ниневия аҳолисига нисбатан қандай йўл тутганини кўриб чиқиш арзийди. «Худо уларнинг қилган ишларини, ёвуз қилмишларидан қайтганини кўриб, раҳм қилди ва уларнинг устига “юбораман”, деб айтган офатни юбормади». (Юнус 3:10) Ниневия аҳолиси тавба қилиб, муносабатини ўзгартирганини кўргач, Яҳова қароридан қайтди. Бу билан У мулоҳазакорликни, камтарликни ва ҳамдардликни намоён этди. Бундан ташқари, кўп инсонлардан фарқли ўлароқ, Яҳова ҳатто жаҳли чиққанда ҳам, мулоҳазасиз қарор чиқармайди.

15. Қароримизни ўзгартиришга нима сабаб бўлиши мумкин?

15 Ҳаётда танлов ёки қарорни бошқатдан кўриб чиқишни талаб қиладиган вазиятлар ҳам туғилиши мумкин. Эҳтимол, бу ҳозирги шароитларимиз ўзгарганда юз берар. Масалан, шароитлар ўзгарганда, гоҳида Яҳова ҳам Ўз қарорларини ўзгартирган. (3 Шоҳ. 21:20, 21, 27–29; 4 Шоҳ. 20:1–5) Қолаверса, қарорни ўзгартиришга янги маълумот олганимиз ҳам асосли сабаб бўла олади. Чунончи, шоҳ Довудга Шоулнинг набираси Мефибосит ҳақида нотўғри маълумот беришганди, аммо кейинчалик у аниқ маълумотга эга бўлганида қарорини ўзгартирганди. (2 Шоҳ. 16:3, 4; 19:24–29) Баъзида биз ҳам шундай йўл тутсак, оқилона бўларди.

16. а) Доно қарорлар чиқаришга алоқадор йўл-йўриқларнинг айримлари қандай? б) Қабул қилиб бўлган қарорларимизга қандай қарашимиз керак ва нега?

16 Худонинг Каломи муҳим қарор қабул қилганимизда шошқалоқ бўлмаслик кераклигини маслаҳат беряпти. (Ҳик. 21:5) Агар вақт ажратиб, қароримизга дахлдор барча тафсилотларни тарозига солиб кўрсак, кўпроқ муваффақиятга эриша оламиз. (1 Салон. 5:21) Хусусан, оила боши муайян бир қарорга келишдан аввал, Муқаддас Ёзувлар ҳамда адабиётларимиздан изланиш олиб бориш учун вақт ажратиши ва шу билан бирга ўз оила аъзоларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиши лозим. Масалан, Аллоҳ Иброҳимни хотинининг гапига қулоқ солишга ундаганди. (Ибт. 21:9–12) Оқсоқоллар ҳам изланиш олиб бориш учун вақт ажратишлари зарур. Оқил ва камтарин оқсоқоллар вазиятга алоқадор янги маълумот олишгани туфайли қабул қилиб бўлган қарорни ўзгартиришларига тўғри келса ҳам, ўз ҳурматини йўқотишдан қўрқишмайди. Улар керак бўлганда фикрлаш тарзию қарорларини ўзгартиришга тайёр бўлишлари даркор ва биз уларнинг ўрнагига эргашсак, доно йўл тутган бўламиз. Бу эса, ўз навбатида, жамоатда тинчлик ва тартиб ҳукм суришига ҳисса қўшади. (Ҳавор. 6:1–4)

ЧИҚАРГАН ҚАРОРЛАРИНГИЗГА ЯРАША ҲАЁТ КЕЧИРИНГ

17. Қандай қилиб қарор чиқаришда муваффақиятли бўлишимиз мумкин?

17 Айрим қарорлар бошқаларига қараганда муҳимроқдир. Бундай қарорлар уларга ибодат ва мулоҳаза билан ёндашишни талаб этади. Бу эса кўп вақт олиши мумкин. Мисол учун, баъзи масиҳийлар оила қуриш-қурмаслик ва ким билан оила қуриш борасида қарор чиқариш олдида туришади. Мўл баракалар келтириши мумкин бўлган жиддий қарорлардан яна бошқаси — қай тариқа ва қачон тўла вақтли хизматни бошлаш масаласидир. Бундай масалаларда Яҳова доно раҳбарлик бера олишига ва буни албатта қилишига тўлиқ ишонишимиз муҳим. (Ҳик. 1:5) Шунинг учун, Муқаддас Китобни энг яхши маслаҳатчи деб билиб, Яҳовадан ибодатда йўл-йўриқ сўрашимиз лозим. Қолаверса, шуни унутмаслигимиз керакки, Яҳова Унинг иродасига уйғун равишда қарор чиқаришимиз учун, бизга керакли фазилатларни ривожлантиришда кўмаклаша олади. Муҳим қарор олдида турганда ўзингизга қуйидаги саволларни беришни одат тусига киритинг: «Ушбу қарорим Яҳовага бўлган муҳаббатимдан далолат беряптими? Қарорим оиламга қувонч ва тинчлик келтиряптими? Ундан сабрли ва меҳрибон эканим намоён бўляптими?»

18. Нима учун Яҳова биздан шахсан қарор чиқаришимизни кутади?

18 Яҳова бизни Уни севишга ва Унга хизмат қилишга мажбурламайди. Зеро, бу — шахсий танловимиздир. Аллоҳ бизга ирода эркинлигини ато этгани туфайли Унга хизмат қилиш-қилмасликни «танлаш» ҳуқуқимизни ва масъулиятимизни ҳурмат қилади. (Ёшуа 24:15; Воиз 5:3) Лекин У биздан Унинг йўл-йўриқларига асосланиб чиқарган қарорларимизга яраша ҳаёт кечиришимизни кутади. Яҳованинг йўл-йўриқларига ва У меҳр ила берган принципларига ишонсак, оқилона қарорлар чиқариб, барча нарсада садоқатли эканимизни исботлаймиз. (Ёқб. 1:5–8; 4:8)