АСОСИЙ МАВЗУ | ХУДОГА ЯҚИНЛАШТИРАДИГАН ҲАҚИҚАТ
Худо ҳақидаги ёлғон: шафқатсиз
КЎПЛАР НИМАГА ИШОНАДИ.
«Кўпчилик диний таълимотларга кўра, дин талабларини бажармаган гуноҳкорлар охиратда дўзах деган жойда жазоланишади. Диний ақидага кўра, дўзахни Аллоҳ кофирларга ва гуноҳкор бандаларга жазо бериш учун яратган. Дўзах, ичида олов ёниб турадиган даҳшатли чуқурликдир» («Ўзбекистон миллий энциклопедияси»).
МУҚАДДАС КИТОБДАГИ ҲАҚИҚАТ.
«Марҳумлар... ҳеч нарсани билмайдилар» (Воиз 9:5). Агар марҳумлар беҳуш ҳолатда бўлишса, унда қанақасига улар «олов ёниб турадиган даҳшатли чуқурлик»да азобланишади?
«Дўзах» деб таржима қилинган иброний ва юнонча сўзлар, аслида инсониятнинг умумий қабрини ифодалаб, кўпинча «ўликлар диёри» деб ҳам қўлланилади. Масалан, Аюб пайғамбар даҳшатли касалликдан азоб чекканида, шундай ибодат қилган: «Эй Худо, қани энди, мени Ўликлар диёрига [баъзи таржималарда «дўзахга»] юборсанг,.. мени яшириб қўйсанг» (Аюб 14:13). Шубҳасизки, пайғамбар оловда куйишни эмас, балки қабрда азобларидан қутулишни сўраган.
НЕГА БУ МУҲИМ.
Шафқатсизлик бизни Худога яқинлаштирмайди, аксинча, у узоқлаштиради. «Болалигимданоқ менга оловли дўзах ҳақида гапириб беришарди»,— дейди мексикалик Росио исмли аёл.— Мен бундан жудаям қўрқардим ва Худода қандайдир яхши фазилатлар борлигини тасаввур ҳам қила олмасдим. Шунинг учун Уни ёвуз ва шафқатсиз, деб ўйлардим».
Аллоҳнинг ҳукмлари ва марҳумларнинг ҳолати тўғрисида бўлган оятлар Росионинг Худо борасидаги тасаввурини ўзгартирди. «Ўзимни эркин ҳис қилдим, худди оғир юкдан қутулгандай бўлдим»,— дейди у.— Худо бизга фақат яхшилик тилашига ишонч ҳосил қилдим ва У бизни яхши кўради ҳамда мен Уни яхши кўришим мумкин экан. У болаларини қўлидан қаттиқ ушлаб турган ва Ўз паноҳида сақлаётган ғамхўр ота сингаридир» (Ишаё 41:13).
Кўплар дўзахдан қўрққани боис художўй бўлишга уринишади, аммо Аллоҳ, одамлар қўрқув туфайли Унга хизмат қилишларини хоҳламайди. Ҳазрати Исо ҳам: «Тангринг Яҳовани сев»,— деб айтган (Марк 12:29, 30). Боз устига, Худо адолатсиз йўл тутмаслигини тушунаётган бўлсак, Унинг келажакда чиқарадиган ҳукмларига ҳам ишонишимиз осон бўлади. Аюб пайғамбарнинг дўсти бўлмиш Элиху каби аминлик ила: «Худо асло фосиқлик қилмас, қодир Худо ноҳақлик қилмас»,— дея айта оламиз (Аюб 34:10).