Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Масоретлар Муқаддас Ёзувларни диққат билан кўчириб ёзишган

МУҚОВАДАГИ МАВЗУ | МУҚАДДАС КИТОБНИНГ САҚЛАНИБ ҚОЛИШ ТАРИХИ

Матнни ўзгартириш уринишларига қарамай Муқаддас Китоб сақланиб қолган

Матнни ўзгартириш уринишларига қарамай Муқаддас Китоб сақланиб қолган

ХАВФ. Емирилиш ва қаршиликлар каби ташқи хавфлар Муқаддас Китобни йўқ қила олмади. Бироқ айрим котиблар ва таржимонлар Муқаддас Китоб матнини ўзгартиришга уринишган. Ўз таълимотларини Муқаддас Китобга мувофиқлаштириш ўрнига, улар кўпинча Муқаддас Китобни ўз таълимотларига мослаштиришга интилишган. Келинг, айрим мисолларни кўриб чиқамиз.

  • Топиниш жойи. Мил. авв. IV–II асрлар орасида Самария Тавротини ёзган кишилар Чиқиш 20:17 оятига «Гаризим тоғида. Ўша ерда қурбонгоҳ қуринг» деган сўзларни қўшиб қўйишган. Шу тариқа самарияликлар Муқаддас Ёзувлар ёрдамида Гаризим тоғида маъбад қурилишини асосламоқчи бўлишган.

  • Учлик таълимоти. Муқаддас Китоб ёзиб тугатилганидан 300 йилдан озроқ вақт ўтгач, Учлик таълимоти тарафдори бўлган бир киши 1 Юҳанно 5:7 оятига «Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир» деган сўзларни қўшиб қўйган. Бу сўзлар асл матнда мавжуд бўлмаган. Муқаддас Китоб бўйича олим Брюс Мецгернинг айтишича, бу сўзлар «VI асрдан бошлаб кўп маротаба ва тез-тез эски лотинча Муқаддас Китоб ва лотин Вульгатасида учрайдиган бўлди».

  • Худонинг исми. Муқаддас Китобнинг кўп таржимонлари яҳудийларнинг хурофотига амал қилиб Муқаддас Ёзувлардан Худонинг исмини олиб қўйишга қарор қилишган. Исм ўрнига улар «Худо» ёки «Раб» унвонларини ишлатадиган бўлишган. Лекин Муқаддас Китобда бу унвонлар нафақат Яратувчига, балки одамларга, сохта топинишдаги буюмларга ва ҳатто Иблисга нисбатан ишлатилади. (Юҳанно 10:34, 35; 1 Коринфликларга 8:5, 6; 2 Коринфликларга 4:4) a

МУҚАДДАС КИТОБ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ САҚЛАНИБ ҚОЛГАН? Биринчидан, гарчи Муқаддас Китобни кўчириб ёзган айрим котиблар эътиборсиз ва ишончсиз бўлган бўлса ҳам, ўз касбининг устаси ва синчковлик билан меҳнат қилган талайгина котиблар ҳам бўлган. Мисол учун масоретларни олайлик. Улар милодий VI—X асрларда Ибронийча ёзувларни кўчириб ёзган. Бугун уларнинг асари Масорет қўлёзмалари деб танилган. Матнга хатолар кириб қолмаслиги учун улар сўзларни ва ҳарфларни санаб чиқишган. Улар нусха олинган матнга хато кириб қолганини кўришганида, унинг ҳошияларига қайдлар қилишган. Муқаддас Китоб матнига ўзгариш қилишга эса журъат этишмаган. Профессор Моше Гошен-Готтштайннинг ёзишича, «бу одатларини атайин бузишни улар энг оғир жиноят деб билишган».

Иккинчидан, бугунги кунгача етиб келган жуда кўп қўлёзмалар борлиги Муқаддас Китоб олимларига хатоларни аниқлашга ёрдам беради. Масалан, диний раҳбарлар асрлар давомида қўлларидаги Муқаддас Китобларнинг лотинча таржималари асл нусхадаги фикрларни ўзида мужассам этган деб ўргатиб келишган. Лекин мақоламизнинг бошида айтиб ўтганимиздек, 1 Юҳанно 5:7 оятига ўзбошимчалик билан сўзларни қўшиб қўйишган. Мазкур хато ҳатто ўзбек тилидаги 2008 йилда нашр этилган «Инжил»да ҳам мавжуд! Бироқ бошқа қўлёзмалар топилганида нима маълум бўлди? Брюс Мецгер шундай деб ёзади: «[1 Юҳанно 5:7] даги парча лотинчадан ташқари қадимий таржималарнинг (сурёний, қибтий (копт), арман, эфиоп, араб, славян) ҳеч бирида учрамайди». Шу боис, ўзбек тилидаги замонавий таржималарнинг бирортасида ҳам бу сўзлар мавжуд эмас.

Тахминан мил. 200 йилга мансуб Муқаддас Китоб қўлёзмаси, Честер Битти папируси P46

Қадимий қўлёзмалар Муқаддас Китоб матнига ўзгариш киритилмаганини исботлаяптими? 1947 йили Ўлик денгиз ўрама битиклари топилганида, олимлар ибронийча Масорет қўлёзмаларини ундан минг йил олдин кўчириб ёзилган Муқаддас Китоб ўрама битиклари билан солиштириш имконига эга бўлишди. Ўлик денгиз ўрама битикларининг таҳририят жамоаси аъзосининг сўзларига кўра, ҳатто битта ўрама битик ҳам «минг йилдан ошиқ вақт давомида яҳудий котиблар Муқаддас Китоб матнини ниҳоятда садоқат билан, аниқ етказиб беришганини инкор этиб бўлмайдиган даражада исботлайди».

Дублиндаги (Ирландия) Честер Битти кутубхонасида Юнонча ёзувларнинг (Янги аҳд) папируслар тўплами сақланади. Бу папирусларда Юнонча ёзувларнинг деярли барча китоблари мавжуд. Мазкур тўпламда милодий иккинчи асрга мансуб қўлёзмалар ҳам бор. Бу дегани, улар Муқаддас Китоб ёзиб тугатилганидан атиги 100 йил ўтгач пайдо бўлган. Бир манбада қуйидагилар айтилган эди: «Гарчи ушбу папируслар матндаги кўпгина хусусиятларни ошкор этса ҳам, улар Муқаддас Китоб матни ҳайратомуз даражада аниқ етказиб берилганини ҳам исботлайди». («The Anchor Bible Dictionary»)

«Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, кўҳна санъат асарларининг ҳеч бири бунчалик аниқ етказиб берилмаган»

НАТИЖАСИ ҚАНАҚА? Вақт ўтиши ва Муқаддас Китоб қўлёзмалари қайта-қайта кўчириб ёзилгани унинг матни ўзгаришига олиб келишнинг ўрнига, аслида унинг яхшиланишига сабаб бўлди. Машҳур олим Фредерик Кеньон Юнонча ёзувлар тўғрисида шундай деган эди: «Бошқа бирор-бир қадимий китобнинг матн кўринишидаги илк ва бой қўлёзмалари мавжуд эмас ва ҳеч бир холис олим бизда бор бўлган матн аслини олганда бузилмаганини инкор этмаган бўларди». Муқаддас Китоб бўйича олим Вильям Ҳенри Грин Ибронийча ёзувлар ҳақида қуйидагини айтган эди: «Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, кўҳна санъат асарларининг ҳеч бири бунчалик аниқ етказиб берилмаган».

a Кўпроқ маълумот олиш учун www.pr2711.com сайтида жойлашган «Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»нинг Иловасидаги А4 ва А5 мавзуларига қаранг.