13-БОБ
Улар «роса баҳс-мунозара қилишди»
Етакчи кенгаш суннат масаласини кўриб чиқади
Ҳаворийлар 15:1–12 га асосланган
1–3. а) Илк масиҳийлар жамоатидаги бирлик нега хавф остида қолган? б) Ҳаворийлар китобидаги бу баёнотни кўриб чиқиш бизга қандай фойда келтириши мумкин?
ПАВЛУС билан Барнабо биринчи ваъзгўйлик сафарини тугатиб, Суриядаги Антиохияга хурсанд бўлиб қайтишди. Яҳова «ўзга халқ вакилларига имон йўлини очгани» учун уларнинг қувончи ичига сиғмаяпти. (Ҳавор. 14:26, 27) Дарҳақиқат, хушхабар Антиохияда ҳам эълон қилиняпти ва ўзга миллат вакили бўлган «кўп кишилар» у ердаги жамоатга қўшиляпти. (Ҳавор. 11:20–26)
2 Бу ажойиб янгиликлар тез орада Яҳудияга етиб борди. Лекин ҳамма ҳам бундан севинмади ва суннат масаласи авжига чиқди. Яҳудийлар билан ўзга халқ вакиллари ўзаро қандай муносабат қилишлари керак ва яҳудий бўлмаган масиҳийлар Мусонинг Қонунига амал қилишлари лозимми? Бу масала шунчалик жиддий тус оладики, ҳатто жамоатдаги бирлик хавф остида қолади. Қизиқ, у қандай ҳал қилинади?
3 Ҳаворийлар китобидаги бу баёнотни кўриб чиқиб кўп фойдали сабоқлар оламиз. Бу бизга жамоатда келишмовчиликларга сабаб бўладиган масалалар туғилганида, доно қарорлар чиқаришимизга ёрдам беради.
«Суннат қилинмасангиз» (Ҳаворийлар 15:1)
4. Яҳудий масиҳийларнинг айримлари қандай нотўғри нуқтаи назарни олға сурган ва қандай савол туғиляпти?
4 Луқо баён этишича: «Яҳудиядан [Антиохияга] келган айрим одамлар биродарларга: “Таврот бўйича суннат қилинмасангиз, нажот тополмайсизлар”,— деб уқтира бошлашди». (Ҳавор. 15:1) «Яҳудиядан келган айрим одамлар» масиҳий бўлишдан аввал фарзий бўлишганми ёки йўқми, аниқлаштирилмаган. Лекин улар ҳалиям Мусонинг Қонунига қатъий амал қилган фарзийлар каби ўйлаганга ўхшайди. Бундан ташқари, улар ҳеч қандай ваколатга эга бўлмасдан Қуддусдаги ҳаворийлару оқсоқоллар номидан гапира бошлашгандир. (Ҳавор. 15:23, 24) Унда нега яҳудий масиҳийлар Худо ҳаворий Бутрус орқали суннат қилинмаган ўзга миллат вакилларини жамоатга қабул қилиш кераклигини айтганидан деярли 13 йил ўтган бўлса ҳам суннат қилинишни талаб этишган? (Ҳавор. 10:24–29, 44–48) a
5, 6. а) Нега баъзи яҳудий масиҳийлар суннат қилинишни талаб этишган? б) Суннат тўғрисидаги аҳд Иброҳим билан қилинган аҳдга кирганми? Тушунтиринг. (Изоҳга қаранг.)
5 Бунинг кўп сабаблари бўлгандир. Масалан, суннатни Яҳованинг Ўзи жорий этган ва бу У билан ўзгача муносабатда бўлишнинг рамзи эди. Қонун аҳдидан олдин жорий этилган, кейинчалик эса унинг талабларидан бири бўлган ушбу суннат Иброҳим ва унинг хонадонидан бошланган. (Лев. 12:2, 3) b Тавротга биноан, ҳатто мусофирлар ҳам муайян ҳуқуқларга эга бўлишдан аввал, масалан, Фисиҳ таомини ейиш учун суннат қилинишлари керак эди. (Чиқ. 12:43, 44, 48, 49) Яҳудий кишининг фикрича, суннатсиз одам нопок бўлиб, Худога хизмат қила олмасди. (Ишаё 52:1)
6 Яҳудий масиҳийларга буни қабул қилишлари учун имон ва камтарлик керак бўлган. Қонун аҳдининг ўрнига янги аҳд кучга кирган эди, шунинг учун яҳудий бўлиб туғилганлар энди ўз-ўзидан Худо халқининг аъзоси бўла олмасди. Яҳудийлар орасида яшаган яҳудий масиҳийлар ҳамда Яҳудияда масиҳий бўлганлардан эса Масиҳни тан олиш ва ўзга халқлардан бўлган масиҳийларни қабул қилиш учун жасорат талаб этилган. (Ерм. 31:31–33; Луқо 22:20)
7. «Яҳудиядан келган айрим одамлар» қандай ҳақиқатни тушунмасди?
7 Аллоҳнинг меъёрлари ўзгармаслиги шубҳасиздир. Янги аҳд Тавротнинг руҳини сақлаб қолган. (Мат. 22:36–40) Мисол учун, ҳаворий Павлус суннат борасида кейинчалик шундай ёзган: «Қалби яҳудий бўлган асл яҳудийдир ҳамда қонунлар орқали эмас, балки муқаддас руҳ орқали қалбга қилинган суннат ҳақиқийдир». (Рим. 2:29; Қонун. 10:16) «Яҳудиядан келган айрим одамлар» ушбу ҳақиқатни тушунмасди ва Аллоҳ суннат тўғрисидаги қонунни ҳеч қачон бекор қилмаган, деб таъкидларди. Қизиқ, улар бу сабабларни эътиборга олармикан?
«Баҳс-мунозара» (Ҳаворийлар 15:2)
8. Нега суннат масаласи Қуддусдаги етакчи кенгашга юборилганди?
8 Луқо шундай давом этади: «Улар [«Яҳудиядан келган айрим одамлар»] Павлус ва Барнабо билан роса баҳс-мунозара қилишди. Шунда Павлус билан Барнабони ва айрим биродарларни бу масала борасида Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқолларнинг олдига юборишга қарор қилинди». (Ҳавор. 15:2) c «Баҳс-мунозара»ларда иккала тараф ҳам кучли туйғулар ва қатъий ишонч намоён этарди. Антиохиядаги жамоат бу масалани еча олмасди. Лекин жамоатда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш учун бу масалани улар «Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар»дан иборат бўлган етакчи кенгашга юбориб оқилона йўл тутишди. Антиохиядаги оқсоқоллардан қандай ўрнак олишимиз мумкин?
9, 10. Антиохиядаги биродарлар ҳамда Павлус билан Барнабо бизга нимада ўрнак кўрсатишди?
9 Фойдали сабоқлардан бири, Аллоҳнинг ташкилотига ишонишимиздан иборат. Бир ўйлаб кўринг: Антиохиядаги биродарлар етакчи кенгаш яҳудий халқидан келиб чиққан масиҳийлардан ташкил этилганини билишарди. Бироқ улар суннат тўғрисидаги масалани Муқаддас Ёзувлар асосида кўриб чиқишларига ишонишарди. Нега дейсизми? Жамоат Яҳова ҳамма нарсани муқаддас руҳи ҳамда масиҳийлар жамоатининг Боши бўлмиш Исо Масиҳ орқали ҳал қилишига амин эди. (Мат. 28:18, 20; Эфес. 1:22, 23) Бугун ҳам жиддий масалалар юзага келса, келинг, Антиохиядаги имондошларимизга тақлид қилиб, Аллоҳнинг ташкилотига ва бу ташкилотнинг мойланган масиҳийлардан иборат бўлган Етакчи кенгашига ишонайлик.
10 Боз устига, ушбу ҳикоядан камтарин ва сабр-тоқатли бўлиш қанчалик муҳим эканини билиб оляпмиз. Гарчи Павлус ва Барнабо бошқа халқларга шоҳидлик бериш учун муқаддас руҳ томонидан тайинланган бўлишса-да, суннат тўғрисидаги масалани бу ерда, яъни Антиохиянинг ўзида ҳал қилиш имконидан фойдаланишмади. (Ҳавор. 13:2, 3) Устига-устак, Павлус кейинроқ қуйидагича ёзган: «У ерга [Қуддусга] боришимнинг сабаби эса ваҳий олганимдир». Демак, ушбу масалада Павлус Худонинг кўрсатмаси бўйича йўл тутган. (Галат. 2:2) Ҳозир ҳам жамоатда бўлинишларга сабаб бўладиган масалалар юзага келиб қолса, оқсоқоллар бундай камтарликни ва сабр-тоқатни намоён этишга ҳаракат қилишади. Улар баҳслашмай, эътиборини Муқаддас Ёзувларга ва ишончли хизматкорнинг кўрсатмаларига қаратиб, Яҳовадан йўл-йўриқ излашади. (Филип. 2:2, 3)
11, 12. Нима учун Яҳовани кутиш муҳим?
11 Айрим ҳолларда Яҳова у ёки бу масалани ёритиб бергунча кутишимизга тўғри келар. Масалан, Павлуснинг даврида биродарларга мил. 36 йилдан бошлаб, яъни Корнилий мойлангандан то мил. 49 йилгача, аниқроғи Яҳова ўзга халқлардаги одамлар суннат қилиниши керак-керакмаслиги тўғрисида аниқ кўрсатма бермагунча, қарийб 13 йил кутишларига тўғри келган. Нега бунча узоқ? Эҳтимол, Худо ушбу муҳим масала борасида самимий яҳудийлар фикрлаш тарзини ўзгартиришсин, дея уларга етарлича вақт беришни хоҳлаган. Ниҳоят, севимли бобокалонлари Иброҳим билан қилинган ва 1 900 йил мобайнида кучга эга бўлган суннат тўғрисидаги аҳд ўз якунига етди. (Юҳан. 16:12)
12 Шундай сабр-тоқатли ва меҳрибон самовий Отамиз бизга таълим бериб, шакллантираётганидан бошимиз кўкка етади! Бу эса ҳамиша яхши натижа келтириб, фойдамиз учун хизмат қилади. (Ишаё 48:17, 18; 64:8) Шундай экан, келинг, ҳеч қачон ўз фикрларимизни таккабурона ўтказмайлик ёки ташкилотдаги ўзгаришларга ҳамда Муқаддас Китобнинг қайсидир оятларига аниқлик киритилганда, бунга салбий муносабат билдирмайлик. (Воиз 7:8) Борди-ю, ўзингизда заррача бўлса-да, бундай муносабатни пайқасангиз, Ҳаворийлар 15-бобдаги принциплар устида ибодат ила мулоҳаза юритинг d.
13. Хизматда Яҳованинг сабр-тоқатини қандай акс эттира оламиз?
13 Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган киши сохта таълимотлардан ёки Муқаддас Китобга зид бўлган урф-одатлардан воз кечишга кўзи қиймаётган бўлса, сабр-тоқат қилишимиз керак бўлади. Бундай ҳолда Аллоҳнинг руҳи қизиқувчининг қалбига таъсир қилиши учун муайян вақт талаб қилинар. (1 Кор. 3:6, 7) Шунингдек, у ҳақида ибодат қилсак яхши бўларди. Шунга амин бўлингки, Худо ўз вақтида қандай йўл тутишимиз кераклигини кўрсатади. (1 Юҳан. 5:14)
Улар далда берувчи воқеаларни «батафсил» айтиб беришди (Ҳаворийлар 15:3–5)
14, 15. Антиохиядаги жамоат Павлус, Барнабо ҳамда уларнинг ҳамроҳларига қай йўсин ҳурмат кўрсатди ва ўша биродарлар имондошларини қандай хурсанд қилишди?
14 Луқонинг баёнотида яна қуйидаги сўзларни ўқиймиз: «Павлус ва Барнабо жамоат томонидан кузатиб қўйилгач, Финикия ва Самария бўйлаб йўл юришди. Йўл-йўлакай улар биродарларга ўзга халқ вакиллари ҳам Аллоҳга топинишаётгани ҳақида айтиб бериб, уларга катта қувонч бахш этишарди». (Ҳавор. 15:3) Жамоат Павлус, Барнабо ва уларнинг ҳамроҳларини кузатиб қўйганидан ораларида севги ва ҳурмат борлиги ҳамда уларга Аллоҳнинг баракаларини тилаётгани кўринарди. Антиохиядаги биродарлар бизга жуда яхши ўрнак кўрсатган! Сиз-чи, имондошларингизга «айниқса Худонинг каломи ҳақида гапиришда ва таълим беришда заҳмат чекаётган оқсоқоллар»га ҳурмат кўрсатяпсизми? (1 Тим. 5:17)
15 Йўл-йўлакай ўша биродарлар Финикия ва Самариядаги имондошлариникига кириб, ўзга халқларга ваъз қилаётганида қандай воқеалар юз берганини «батафсил» айтиб бериб уларни хурсанд қилишди. Тингловчиларнинг орасида Стефаннинг азобли ўлимидан кейин бошқа туманларга қочиб кетган яҳудий масиҳийлар ҳам бўлгандир. Шунга ўхшаб, бугун ҳам Яҳова шогирд тайёрлаш ишига қандай барака бераётганини эшитиш, айниқса, қийинчиликларни бошдан кечираётган имондошларимиз учун далда манбаи бўлади. Йиғилишлару анжуманларда бундай далдали ҳодисаларни эшитганингизда ёки адабиётларимизда келтираётган таржимаи ҳолларни ва хизматда юз берган воқеаларни ўқиганингизда, фойда оляпсизми?
16. Суннат тўғрисидаги масалани зудлик билан ҳал қилиш кераклигини нимадан кўрса бўлади?
16 Жанубга қараб тахминан 550 километр йўл юриб, Антиохиядан келган биродарлар охири манзилга етиб келишди. Луқо қуйидагича ёзган: «Қуддусга етиб келишганда ҳаворийлар, оқсоқоллар ҳамда жамоат уларни яхши қабул қилишди. Павлус ва Барнабо эса Тангри улар орқали нималар қилганини айтиб беришди». (Ҳавор. 15:4) Аммо «илгари фарзийлар мазҳабида бўлган айрим шогирдлар ўринларидан туриб: “Улардан суннат қилинишни ва Мусонинг Таврот китобида ёзилганларга риоя қилишни талаб қилиш керак”,— дейишди». (Ҳавор. 15:5) Ҳа, яҳудий бўлмаган масиҳийларни суннат қилиш тўғрисидаги масалани зудлик билан ҳал қилиш керак эди.
«Ҳаворийлар ва оқсоқоллар... йиғилишди» (Ҳаворийлар 15:6–12)
17. Қуддусдаги етакчи кенгаш кимлардан иборат бўлган ва нимага у ерда «оқсоқоллар» ҳам бор эди?
17 Ҳикматлар 13:10 да: «Донолик эса маслаҳат излаганлар биландир»,— деб айтилган. Ушбу принципга асосланиб, «ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани кўриб чиқиш учун йиғилишди». (Ҳавор. 15:6) «Ҳаворийлар ва оқсоқоллар» бугунги Етакчи кенгаш каби барча жамоатларнинг вакили эди. Нега «оқсоқоллар» ҳаворийлар билан бирга бўлишган? Ёдингизда бўлса, ҳаворий Ёқуб қатл қилинган эди, ҳаворий Бутрус эса муайян вақтга қамоққа ташланганди. Эҳтимол, бошқа ҳаворийлар билан ҳам шунга ўхшаш воқеалар бўлгандир. Ундай бўлса, фаолиятимиз юритилишига кўмаклашиш учун йиғилишда бошқа мойланган биродарлар ҳам бўлиши жуда муҳим эди.
18, 19. Бутрус қандай таъсирли сўзларни айтган ва уни тинглаганлар қанақа хулоса чиқариши керак эди?
18 Луқо қуйидагича давом этяпти: «Қизғин муҳокамалардан кейин Бутрус ўрнидан туриб шундай деди: “Биродарлар, бошқа халқлар мен орқали хушхабарни эшитиб, ишонишлари учун Худо дастлаб ораларингиздан мени танлаб олгани сизларга маълум. Қалбларни билган Аллоҳ бизга берган муқаддас руҳни уларга ҳам бериб, уларни ҳам қабул қилганини тасдиқлади. Шунингдек, улар билан бизнинг орамизда ҳеч қандай фарқ йўқлигини кўрсатиб, қалбларини имонлари туфайли тозалади”». (Ҳавор. 15:7–9) Бир луғатга биноан, 7-оятда «қизғин муҳокама» деб таржима қилинган юнонча сўз «изланиш», «музокара» деган маънога ҳам эга. Афтидан, биродарларнинг фикрлари турлича бўлиб, уларни очиқчасига билдиришган.
19 Бутруснинг таъсирли сўзлари ҳаммага унинг ўзи ҳам яҳудий бўлмаган илк суннат қилинмаган кишилар — Корнилий ва унинг хонадони мил. 36 йили муқаддас руҳ билан мойланганида у ерда бўлганини эслатди. Демак, Яҳова яҳудийлар ва ўзга халқ вакилларини ўзаро ажратмаган бўлса, унда одамларнинг бундай йўл тутишга қандай ҳаққи бор? Бундан ташқари, одамнинг қалби Мусонинг Қонунига амал қилиши билан эмас, балки Масиҳга бўлган ишончи орқали тозаланади. (Галат. 2:16)
20. Суннат қилиш тарафдорлари Тангрини қандай ранжитишган?
20 Аллоҳ сўзларини инкор қилиб бўлмайдиган шаҳодати ва муқаддас руҳ асосида Бутрус охирида шундай деди: «Ундай бўлса, нега сизлар шогирдларнинг бўйнига ота-боболаримиз ҳам, биз ҳам кўтара олмаган бўйинтуруқни солиб, Тангрини ранжитяпсизлар? Биз эса, улар сингари Ҳазратимиз Исонинг инояти орқали қутқарилишимизга ишонамиз». (Ҳавор. 15:10, 11) Аслида суннат қилиш тарафдорлари Тангрини ранжитишган ёки бошқа таржимага биноан, Унинг сабрини синашган. Улар ўзга халқ вакилларининг бўйнига яҳудийлар бутунлай бажара олмаган қонунларни юкламоқчи бўлишган ва бунинг учун улар ўлимга лойиқ эди. (Галат. 3:10) Бутрусни тинглаган яҳудийлар ўша қонунларга амал қилишнинг ўрнига Худонинг инояти ва У Исо Масиҳни юборгани учун миннатдор бўлишлари лозим эди.
21. Павлус билан Барнабо муҳокамага қандай ҳисса қўшишди?
21 Шубҳасизки, Бутруснинг гаплари тингловчиларини ўйлантириб қўйди, сабаби «у ердагилар жим бўлиб» қолишди. Кейин Павлус билан Барнабо «Худонинг ўзлари орқали бошқа халқлар орасида кўрсатган кўплаб аломатлару мўъжизалари ҳақида айтиб» беришди. (Ҳавор. 15:12) Охир-оқибат, ҳаворийлару оқсоқоллар барча далилларни ўртага ташлаб, суннат тўғрисидаги масала бўйича Аллоҳнинг иродаси яққол акс этган қарор чиқаришди.
22–24. а) Етакчи кенгаш биринчи асрдаги етакчи кенгашдан қандай ўрнак оляпти? б) Барча оқсоқоллар ташкилотдаги тартибни ҳурмат қилишини қандай кўрсатиши мумкин?
22 Бугун ҳам Етакчи кенгаш бирга йиғилганда, Худонинг Каломидан йўл-йўриқ излаб, муқаддас руҳ сўраб ибодат қилади. (Заб. 119:105; Мат. 7:7–11) Бундан олдин Етакчи кенгашнинг ҳар бир аъзосига ибодат ила мулоҳаза юритиши учун муҳокамада кўриб чиқиладиган масалалар рўйхати берилади. (Ҳик. 15:28) Ўша учрашувда бу мойланган биродарлар бемалол ва ҳурмат ила ўз фикрини билдиришади. Муҳокама пайтида улар тез-тез Муқаддас Китобдан фойдаланишади.
23 Жамоат оқсоқоллари улардан ўрнак олишлари керак. Борди-ю, оқсоқоллар кўриб чиққан жиддий масала ҳал қилинмай қолса, оқсоқоллар кенгаши маҳаллий филиалга ёки унинг вакилларидан бири бўлмиш туман нозирига мурожаат қилишлари мумкин. Агар филиал лозим деб билса, Етакчи кенгашга хат жўнатади.
24 Дарҳақиқат, ташкилотдаги тартибни ҳурмат қилиб, камтарлик, садоқат ва сабр-тоқат каби фазилатларни намоён қилган кишиларга Тангри Яҳова баракалар ёғдиради. Шундай баракалар қаторида тинчлик, маънавий фаровонлик ва ҳамжиҳатлик бўлиши мумкинлигини келаси бобда кўриб чиқамиз.
a « Сохта биродарларнинг таълимотлари» номли 103-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Суннат тўғрисидаги аҳд бугунги кунгача кучини йўқотмаган Иброҳим билан қилинган аҳдга кирмаган. Иброҳим билан қилинган аҳд мил. авв. 1943 йили у (ўшанда Ибром) Фурот дарёсидан ўтиб, Канъонга йўл олганида кучга кирган. Ўша пайтда у 75 ёшда бўлган. Суннат масаласида эса кейинчалик мил. авв. 1919 йили Иброҳимнинг ёши 99 да бўлганида аҳд қилинган. (Ибт. 12:1–8; 17:1, 9–14; Галат. 3:17)
c Улардан бири кейинчалик Павлуснинг ҳамроҳи ҳамда вакили бўлган юнон масиҳий Титус бўлгандир. (Галат. 2:1; Титус. 1:4) Титус суннат қилинмаган одам ҳам муқаддас руҳ билан мойланиши мумкинлигининг ёрқин мисоли. (Галат. 2:3)
d « Яҳованинг Шоҳидлари ўз таълимотларини Муқаддас Китобга асослашади» номли 105-саҳифадаги рамкага қаранг.