9- дарс
Оилавий бахтнинг сири нимада?
1. Оила бахтли бўлиши учун нега никоҳни расмийлаштириш муҳим?
Хушхабар Манбаи бахтиёр Тангри Яҳовадир. У барча оилалар бахтли бўлишини истайди. (1 Тимўтийга 1:11) У никоҳнинг асосчиси. Расмийлаштирилган никоҳ ота-она ва болалар ўзларини бахтли ҳамда севимли ҳис қилишига замин яратади. Худога бўйсунишни истаган кишилар никоҳни рўйхатдан ўтказиш борасидаги маҳаллий қонунларга амал қилиши лозим. Луқо 2:1, 4, 5 ни ўқинг.
Аллоҳ никоҳга нисбатан қандай нуқтаи назарда? У эр-хотин орасидаги ришталар мустаҳкам ва доимий бўлишини истайди. Яҳова эр ва хотин бир-бирига садоқатли бўлишини хоҳлайди. (Ибронийларга 13:4) У ажралишдан нафратланади. (Малаки 2:16) Бироқ умр йўлдоши зино қилган ҳолдагина Худонинг хизматчилари ажрашиб, қайта турмуш қуриши мумкин. Матто 19:3–6, 9 ни ўқинг.
2. Эр ва хотин бир-бирига қандай муносабатда бўлиши керак?
Яҳова никоҳда эркак ва аёл бир-бирини тўлдириб турсин деб яратган. (Ибтидо 2:18) Оила боши сифатида эр оила аъзоларининг жисмоний эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиши ва уларга Худо ҳақида таълим бериши лозим. У хотини учун фидойиликка боришга тайёр бўлиши керак. Турмуш ўртоқлар бир-бирини севиб, ҳурмат қилиши даркор. Барча эр ва хотинлар номукаммал бўлгани учун, бир-бирини кечиришга ўрганиши зарур. Бу — оилавий бахтнинг сири. Эфесликларга 4:31, 32; 5:33; 1 Бутрус 3:7 ни ўқинг.
3. Никоҳда бахтсиз бўлсангиз нима қилишингиз керак?
Агар никоҳда қийинчиликлар пайдо бўлса, эр ва хотин бир-бирига севги ила муносабат қилишга интилиши керак. (1 Коринфликларга 13:4, 5) Худонинг Каломида никоҳдаги муаммоларни алоҳида яшаш орқали ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида айтилмаган. 1 Коринфликларга 7:10–13 ни ўқинг.
4. Фарзандлар, Аллоҳ сиз учун нимани хоҳлайди?
Яҳова бахтиёр бўлишингизни истайди. Ёшлик чоғингиз қувончга тўла бўлиши учун У сизга энг аъло маслаҳатларни беради. Шунингдек, У ота-онангизга қулоқ солишингизни истайди. Сабаби, улар сиздан донороқ бўлиб, кўпроқ тажрибага эга. (Колосаликларга 3:20) Парвардигоримиз Унга маъқул келадиган ишларни қилишингизни ва бу сизга қувонч келтиришини хоҳлайди. Воиз 11:9–12:1; Матто 19:13–15; 21:15, 16 ни ўқинг.
5. Ота-оналар, болаларингиз бахтли бўлишига қандай ҳисса қўша оласиз?
Болаларингизда егулик, турар жой ва кийим-кечак бўлиши учун кўп ҳаракат қилишингиз лозим. (1 Тимўтийга 5:8). Лекин фарзандларингиз бахтиёр бўлишлари учун уларга Аллоҳни севишни ва Унга қулоқ солишни ҳам ўргатишингиз даркор. (Эфесликларга 6:4) Болаларингиз учун сизнинг ўрнагингиз муҳим аҳамиятга эга. Агар улар Худони севишингизни кўришса, бу уларнинг қалбига қаттиқ таъсир қилади. Худонинг Каломи болангизни яхши тарбиялаб, тўғри фикрлаш тарзини пайванд қилишингизга ёрдам беради. Қонунлар 6:4–7; Ҳикматлар 22:6 ни ўқинг.
Болаларга далда бериб, уларни мақтаб туриш фойдали. Аммо уларни тузатиш ва жазолаб туриш ҳам керак. Бундай тарбия уларни ёмон йўлдан асрайди. (Ҳикматлар 22:15) Лекин уларни тузатаётганда шафқатсиз ёки қўпол бўлманг. Колосаликларга 3:21 ни ўқинг.
Яҳованинг Шоҳидлари ёрдам тариқасида ота-она ва болалар учун мўлжалланган бир нечта китобларни чоп этишган. Бу адабиётлар Муқаддас Китобга асосланган. Забур 19:7, 11 ни ўқинг.