5- ДАРС
Йиғилишларимизда нимани кўришингиз мумкин?
Аксарият одамлар диний йиғинларда ҳеч қандай маънавий йўл-йўриқ ёки тасалли топа олишмаётгани боис, уларга бормай қўйишади. Унда нега сиз Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларига боришингиз керак? У ерда сиз нимани кўрасиз?
Меҳрибон ва ғамхўр кишилар орасидаги севинчни кўрасиз. Биринчи асрда масиҳийларнинг жамоатлари бўлган. Улар Худога топиниш, Муқаддас Ёзувларни ўрганиш ва бир-бирига далда бериш учун йиғилиб туришарди. (Ибронийларга 10:24, 25) Шундай меҳр-муҳаббатга тўла муҳитда учрашиб, улар ўзларини имондош акаю ука ва опа-сингиллардан иборат бўлган чин дўстлари орасида эканлигини ҳис қилишарди. (2 Салоникаликларга 1:3; 3 Юҳанно 14) Биринчи асрдаги масиҳийларнинг намунасига тақлид қилиб, биз ҳам бундай севинчни намоён этяпмиз.
Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини амалда қандай қўллаш мумкинлигини кўрасиз. Муқаддас Китоб ёзилаётган вақтларда бўлганидек, бугун ҳам эркагу аёллар ва болалар бирга йиғилишади. Бундай учрашувларда тажрибали устозлар Муқаддас Китоб ёрдамида унинг қонун-қоидаларини кундалик ҳаётда қандай қўллаш мумкинлигини кўриш учун бизга ёрдам беришади. (Қонунлар 31:12; Нахимиё 8:8) Муҳокама ва қўшиқ куйлашда ҳамма иштирок эта олади ва шу йўсинда биз умидимиз билан бўлиша оламиз. (Ибронийларга 10:23)
Имонингиз мустаҳкамланганини кўрасиз. Ҳазрати Исонинг Павлус исмли шогирди ўз замонасидаги бир жамоатга шундай деб ёзганди: «Сизларни роса кўргим келяпти... сизларнинг ҳамда менинг, яъни бир-биримизнинг имонимиздан далда олишимизни хоҳлайман». (Римликларга 1:11, 12) Йиғилишларда имондошларимиз билан мулоқот қилганимизда имонимиз мустаҳкамланиб, Муқаддас Китоб қонун-қоидалари бўйича умр кечириш қароримиз қатъий бўлади.
Йиғилишларимизга келиб, буни ўз кўзингиз билан кўришни хоҳлайсизми? Сизни у ерда яхши кутиб олишади. Йиғилишларимизга кириш текин — ҳеч кимдан пул талаб қилинмайди.
-
Йиғилишларимиз қайси намунага кўра ўтказилади?
-
Йиғилишларимиздан қандай фойда олишимиз мумкин?