Дониёр 2:1–49

  • Шоҳ Навуходоносорнинг туши (1–4)

  • Ҳеч бир донишманд тушни айта олмайди (5–13)

  • Дониёр Аллоҳдан ёрдам сўрайди (14–18)

  • Сирни очгани учун Худони олқишлайди (19–23)

  • Дониёр тушни шоҳга айтиб беради (24–35)

  • Тушнинг таъбири (36–45)

    • Ҳайкални битта тош парча-парча қилади (44, 45)

  • Шоҳ Дониёрга ҳурмат кўрсатади (46–49)

2  Бошқарувининг иккинчи йили Навуходоносор бир нечта туш кўрди. У безовта бўлганидан+ ухлай олмади. 2  Шунда у тушларини таъбирлаб беришлари учун коҳин, афсунгар, сеҳргар ва халдейларни* чақиртиришни буюрди. Улар келиб, шоҳнинг ҳузурида туришди+. 3  Шоҳ уларга: «Мен туш кўрдим. Унинг таъбирини билолмай, безовта бўляпман»,— деди. 4  Халдейлар оромий тилида*+ унга жавобан: «Эй, шоҳ ҳазратлари, умрингиз боқий бўлсин! Тушингизни хизматкорларингизга айтинг, биз уни таъбирлаб берамиз»,— дейишди. 5  Шоҳ халдейларга қуйидагича деди: «Охирги гапим шу: мен қандай туш кўрганимни айтиб, уни таъбирлаб бермасангиз, таналарингиз бўлак-бўлак қилиниб, уйларингиз ҳожатхонага* айлантирилади. 6  Бироқ қандай туш кўрганимни ва унинг таъбирини айтиб берсангиз, мендан ҳадялару мукофот олиб, ҳурматга лойиқ бўласизлар+. Энди қандай туш кўрганимни айтиб, уни таъбирлаб беринглар». 7  Улар шоҳга яна: «Шоҳимиз тушларини хизматкорларига айтсинлар, биз уни таъбирлаб берамиз»,— дейишди. 8  Шоҳ жавобан деди: «Охирги гапим ўзгармаслигини тушуниб, вақтни чўзмоқчи эканингизни билиб турибман. 9  Агар қандай туш кўрганимни айтиб бермасангиз, ҳаммангизни бирдай жазолайман! Сизлар фикримни ўзгартиришимга умид боғлаб, ёлғон тўқишга ва мени алдашга тил бириктиргансиз. Қандай туш кўрганимни менга айтинглар! Шунда уни таъбирлаб бера олишингизни билиб оламан». 10  Халдейлар шоҳга: «Шоҳнинг бу талабини ер юзидаги ҳеч бир одам бажара олмайди. Боиси, ҳали ҳеч бир шоҳ ёки ҳукмдор бундай нарсани бирорта коҳин, афсунгар ёки халдейдан сўрамаган. 11  Шоҳимиз мушкул нарсани сўраяптилар. Ўткинчи инсонлар орасида яшамайдиган худолардан бўлак ҳеч ким шоҳимизнинг тушини айтиб бера олмайди»,— дейишди. 12  Шоҳнинг қаҳр-ғазаби қайнаб, Бобилдаги барча донишмандларни қатл этишга буйруқ берди+. 13  Фармон чиққач, донишмандларни ўлдиришга шайланишди. Дониёр ва унинг шерикларини ҳам қатл этиш учун излай бошлашди. 14  Ўша пайтда Дониёр, Бобилдаги донишмандларни қатл этишга чиққан шоҳнинг бош тансоқчиси Ориёхга мулоҳазакорлик ва эҳтиёткорлик билан мурожаат қилди. 15  У шоҳнинг соқчиси Ориёхдан: «Нима учун шоҳ шу қадар шафқатсиз фармон чиқарди?» — деб сўради. У Дониёрга бўлиб ўтганларни айтиб берди+. 16  Сўнг Дониёр шоҳнинг ҳузурига бориб, тушнинг таъбирини айтиш учун вақт беришини сўради. 17  Бундан кейин Дониёр уйига бориб, бўлиб ўтганларни шериклари Ханониё, Мишаил ва Озариёга сўзлаб берди. 18  Бобилдаги бошқа донишмандлар билан бирга қатл этилмаслик учун, Дониёр ўз шерикларидан осмондаги Худованд уларга бу сирни очиб бериши ва раҳм-шафқат кўрсатиши ҳақида ибодат қилишларини сўради. 19  Ўша кеча бу сир Дониёрга ваҳийда ошкор бўлди+ ва у самодаги Тангрига ҳамду сано айтди. 20  Дониёр шундай деди: «Аллоҳнинг исми абадулабад мадҳ этилсин!Зеро донолик, куч-қудрат танҳо Уникидир+. 21  У вақт ҳамда даврларни ўзгартиради+,Шоҳларни тахтдан тушириб, тахтга чиқаради+.Доноларга донолик, фаросатлиларга билим ато этади+. 22  У теран ва яширин нарсаларни ошкор этади+,Зулматда нима борлигини яхши билади+,Ёруғлик Унинг атрофида маскан қурган+. 23  Эй, ота-боболаримнинг Тангриси, Сенга шукронаю мадҳлар айтаман!Чунки Сен менга донолигу куч-қудрат ато этдинг. Сендан сўраганимизни менга ошкор қилдинг,Шоҳнинг масаласини бизга билдирдинг»+. 24  Сўнгра Дониёр Бобилдаги донишмандларни қатл этишга шоҳдан топшириқ олган Ориёхнинг ёнига бориб+: «Бобилдаги донишмандларни қатл этманг. Мени шоҳнинг ҳузурига олиб киринг, унинг тушини таъбирлаб бераман»,— деб айтди. 25  Ориёх Дониёрни шу заҳотиёқ шоҳнинг ҳузурига олиб бориб: «Яҳудодан асир қилиб олиб келинганлар+ орасидан шоҳимизга тушини таъбирлаб бера оладиган одамни топиб келдим»,— деди. 26  Шоҳ, Белташазар+ деб аталган Дониёрдан: «Чиндан ҳам қандай туш кўрганимни айтиб, уни таъбирлаб бера оласанми?»+ — дея сўради. 27  Дониёр қуйидагича жавоб берди: «Шоҳимиз сўраётган сирни на бир донишманд, на афсунгар, на коҳин, на мунажжим очиб бера олади+. 28  Бироқ самоларда сирларни ошкор этувчи Худо бор+. У охирги кунларда нима юз беришини шоҳ Навуходоносорга аён қилишга қодир. Ётоғингизда сиз кўрган туш ҳамда ваҳийлар қуйидагича: 29  Шоҳ ҳазратлари, сиз ётоғингизда келажакда нималар бўлиши ҳақида ўйлай бошладингиз. Шунда сирларни ошкор этувчи Тангри нима юз беришини сизга билдирди. 30  Менга эса бу сир бошқалардан донороқ бўлганим учун эмас, шоҳимиз тушларининг таъбирини билиб, кўнгилларидаги ўй-фикрларини тушунишлари учун ошкор бўлди+. 31  Эй, шоҳ ҳазратлари, сиз тушингизда баҳайбат ҳайкал кўрдингиз. Қаршингизда турган бу ҳайкал улкан ва ярқироқ бўлиб, кўриниши даҳшатли эди. 32  Унинг боши тоза олтиндан+, кўкраги билан қўллари кумушдан+, қорни билан сонлари мисдан+, 33  болдирлари темирдан+, оёқ панжалари эса қисман темирдан, қисман лойдан*+ эди. 34  Сиз қараб турганингизда, тоғдан одамнинг кўмагисиз битта тош бўлиниб, ҳайкалнинг темир ва лойдан бўлган оёқ панжаларига урилди-да, уларни парчалаб юборди+. 35  Ўшанда темир, лой, мис, кумуш, олтин, ҳаммаси парча-парча бўлиб, хирмондаги* сомондай бўлиб қолди. Уларни шамол учириб кетди, асар ҳам қолмади. Ҳайкалга урилган тош эса улкан тоққа айланиб, бутун ер юзини қоплади. 36  Сизнинг тушингиз шундан иборат эди. Энди уни таъбирлаб берамиз. 37  Эй, шоҳ ҳазратлари, шоҳаншоҳ! Осмондаги Худо сизга шоҳлик, куч-қудрат ва улуғворлик ато этди+. 38  У ер юзидаги одамлар, даладаги ҳайвонлару осмондаги қушларни қўлингизга топшириб, сизни улар устидан ҳукмдор қилиб қўйди+. Ҳайкалнинг олтин боши сизсиз+. 39  Сиздан кейин ўзингиздан заифроқ бўлган бошқа шоҳлик ўрнатилади+, сўнг бутун ер юзи устидан бошқарадиган учинчи — мис шоҳлик пайдо бўлади+. 40  Тўртинчи шоҳлик эса темир+ каби қаттиқ бўлади. Темир барча нарсани яксон қилганидай, бу шоҳлик ҳам темирдай бўлиб, ўзидан олдинги шоҳликларнинг барини таг-томири билан йўқ қилади+. 41  Сиз кўрган ҳайкалнинг оёқ панжалари ва бармоқлари қисман темирдан, қисман лойдан эди. Бу, шоҳликда бирлик бўлмаслигини англатади. Аммо бу шоҳликда муайян даражада темирнинг мустаҳкамлиги бўлади, чунки ўзингиз кўрганингиздай, темир лой билан қоришган эди. 42  Оёқ панжаларидаги бармоқлар қисман темирдан, қисман лойдан бўлганидай, бу шоҳлик ҳам қисман кучли, қисман заиф бўлади. 43  Темир лой билан қоришгани каби, бу шоҳлик халқ* билан аралашади. Бироқ темир лой билан бирикмагандай, улар ҳам бир-бири билан бирлаша олмайди. 44  Ўша шоҳларнинг даврида самодаги Худо асло яксон қилинмайдиган шоҳлик ўрнатади+. Бу шоҳлик бошқа халқларнинг қўлига берилмайди+. У барча бу шоҳликларни йўқ қилиб+, ўзи абадий туради+. 45  Сабаби, ўзингиз кўрганингиздай, тоғдан одамнинг кўмагисиз битта тош бўлиниб, темир, мис, лой, кумуш ва олтинни парча-парча қилиб юборди+. Буюк Тангри келажакда нима содир бўлишини шоҳимизга очиб берди+. Бу туш тўғри, таъбири ишончлидир». 46  Шунда шоҳ Навуходоносор Дониёрнинг олдида ерга юзтубан тиз чўкиб, чуқур ҳурмат кўрсатди. Сўнг эса унга ҳадялар келтиришни ва тутатқи тутатишни буюрди. 47  Шоҳ Дониёрга: «Чиндан ҳам сизларнинг Тангрингиз худолар Худоси, шоҳлар Эгаси ва сирларни ошкор этувчи экан. Чунки фақат сизлар бу сирни фош эта олдингиз!»+ — деди. 48  Сўнгра шоҳ Дониёрни юксалтириб, кўпгина сара инъомлар тақдим этди. Уни Бобилнинг барча вилоятлари* устидан ҳоким қилиб+, Бобилдаги ҳамма донишмандларнинг бошлиғи этиб тайинлади. 49  Шоҳ, Дониёрнинг илтимосига кўра Шадрах, Мешах ва Абеднахуни+ Бобил вилояти устидан бошқаришга тайинлади. Дониёр эса шоҳ саройида хизмат қилиб юрди.

Изоҳлар

Яъни фолбинлик ва мунажжимлик билан шуғулланувчилар.
Асл нусхада Дн 2:4б–7:28 оятлар оромий тилида ёзилган.
Бошқа вариант «ахлатхонага; гўнг уюмига».
Ёки «пиширилган лойдан».
Ёки «ёзги хирмондаги».
Ёки «одамзод», яъни оддий халқ.
Ёки «қарамоғ остидаги вилоятлари».