Матто баён этган хушхабар 20:1–34
20 Осмон Шоҳлиги, тонг саҳарда узумзорига мардикорларни ёллагани чиққан боғ эгасига ўхшайди+.
2 Кунига бир динордан* келишгандан сўнг, у мардикорларни узумзорига жўнатибди.
3 Эрталаб соат тўққизларда* узумзор эгаси яна чиқиб, бозор майдонида ишсиз турган кишиларни кўрибди-да,
4 уларга: “Сизлар ҳам узумзоримга боринглар, ҳақларингизни тўлайман”,— деб айтибди.
5 Шунда улар ҳам кетишибди. Узумзор эгаси кундузи соат ўн икки ва тағин учларда* чиқиб, яна шундай йўл тутибди.
6 Ниҳоят у соат бешларда* чиқибди-да, ўша жойда турган бошқаларни кўриб: “Нега кун бўйи бу ерда ишсиз турибсизлар?” — деб сўрабди.
7 Жавобан улар: “Бизни ҳеч ким ишга ёлламади”,— дейишибди. Шунда у: “Сизлар ҳам узумзоримга боринглар”,— деб айтибди.
8 Кеч кирганда, узумзор эгаси бошқарувчисига шундай дебди: “Мардикорларни чақириб, охиргисидан бошлаб биринчисигача ҳақларини тўла”+.
9 Соат бешларда* иш бошлаганлар келиб, ҳар бири бир динордан олишибди.
10 Шу сабабли биринчи ёлланганлар кўпроқ ҳақ оламиз деб ўйлашибди. Аммо уларга ҳам бир динордан* тўланибди.
11 Ҳақларини олгач, улар узумзор эгасига нолиб:
12 “Охирги келганлар атиги бир соат ишлашди. Сиз эса уларни жазирамада кун бўйи оғир меҳнат қилган бизлар билан тенг кўрдингиз!” — дейишибди.
13 Узумзор эгаси жавобан улардан бирига шундай дебди: “Дўстим, мен сизга ноҳақлик қилганим йўқ. Ахир сиз билан бир динорга келишмаганмидик?+
14 Ҳақингизни олинг-да, кетаверинг. Сизга қанча берган бўлсам, охирги келганларга ҳам шунча бермоқчиман.
15 Ўз пулларимдан хоҳлаганимча фойдаланишга ҳаққим йўқми? Ёки сахийлигимни кўролмаяпсизми?”+
16 Шундай қилиб, охиргилар биринчи, биринчилар эса охирги бўлади»+.
17 Қуддусга кетишаётганда, Исо 12 та шогирдини алоҳида чақириб, деди+:
18 «Мана, биз Қуддусга боряпмиз. У ерда Инсон Ўғлини бош руҳонийлар ва уламолар қўлига тутиб беришади. Улар бўлса уни ўлимга маҳкум этиб+,
19 ўзга халқларнинг қўлига топширишади. Улар уни масхара қилишади, қамчилашади ва устунга михлашади+. Лекин у учинчи куни тирилади»+.
20 Бундан сўнг, Забадийнинг+ хотини иккита ўғли билан Исонинг ёнига келди-да, таъзим қилиб, нималарнидир сўрамоқчи бўлди+.
21 Исо бўлса: «Мендан нима истайсиз?» — дея сўради. Аёл жавобан: «Шоҳлигингизда бу икки ўғлимдан бирини ўнг томонингизга, иккинчисини чап томонингизга ўтқазишга сўз беринг»+,— деди.
22 Исо унинг ўғилларига: «Сизлар нима сўраётганингизни билмайсизлар. Мен ичадиган косадан* ича оласизларми?»+ — деб сўради. Улар: «Ича оламиз»,— дейишди.
23 Шунда Исо: «Мен ичадиган косадан ичасизларку-я+, аммо ўнг ёки чап томонимда ким ўтиришини мен ҳал қилмайман. Бу ўринларни Отам ким учун тайёрлаб қўйган бўлса, ўша ўтиради»+,— деб айтди.
24 Қолган ўнта шогирд буни эшитиб, икки ака-укадан аччиқлана бошлашди+.
25 Бироқ Исо уларни ёнига чақириб, шундай деди: «Ҳукмдорлар халқлар устидан бошқаришини ва буюк одамлар халқларга ҳокимлик қилишини биласизлар+.
26 Аммо сизларнинг орангизда бундай бўлмасин+. Орангизда ким буюк бўлишни истаса, сизларга хизматкор бўлсин+.
27 Орангизда ким биринчи бўлишни хоҳласа, сизларга қул бўлсин+.
28 Чунки Инсон Ўғли ҳам ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани+ ва кўплар учун жонини* тўлов сифатида бергани келган»+.
29 Улар Ериходан чиқаётганларида, орқаларидан катта оломон эргашиб борарди.
30 Йўл бўйида ўтирган кўзи ожиз икки киши Исонинг ўтиб кетаётганини эшитиб: «Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, бизга раҳм-шафқат қилинг!» — деб қичқирди+.
31 Оломон уларга жим бўлишни буюрса-да, улар янада баланд овозда: «Ҳазрат, Довуднинг Ўғли, бизга раҳм-шафқат қилинг!» — дея бақиришарди.
32 Шунда Исо тўхтаб, уларни чақирди-да: «Мендан нима истайсизлар?» — деб сўради.
33 Улар: «Ҳазрат, илтимос, кўзларимиз очилсин»,— дейишди.
34 Исонинг раҳми келиб, уларнинг кўзларига қўлини теккизган эди+, шу ондаёқ иккови ҳам кўра бошлаб, унинг орқасидан эргашди.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «учинчи соатда». Қуёш чиқишидан ҳисоблаганда.
^ Сўзма-сўз «олтинчи ва тўққизинчи соатда».
^ Сўзма-сўз «ўн биринчи соатда».
^ Сўзма-сўз «ўн биринчи соатда».
^ «Коса» сўзи рамзий маънода Исо, Худонинг иродаси билан сохта гувоҳларнинг ҳақоратига қолиб, ўлишини билдиради.
^ Ёки «ҳаётини».