Матто баён этган хушхабар 28:1–20
28 Шаббат кунидан сўнг, ҳафтанинг биринчи куни* тонг отганда, магдалалик Марям ва бошқа Марям қабрни кўргани боришди+.
2 Тўсатдан, кучли зилзила юз берди. Яҳованинг* фариштаси осмондан тушиб, қабрнинг оғзидаги тошни юмалатди-да, устига ўтириб олди+.
3 Унинг кўриниши чақмоқдай, кийимлари эса қордай оппоқ эди+.
4 Соқчилар уни кўриб, зир-зир титрашди ва қўрққанларидан қотиб қолишди.
5 Фаришта аёлларга шундай деди: «Қўрқманглар, сизлар устунда қатл этилган Исони ахтариб келганингизни биламан+.
6 У ҳозир бу ерда эмас. У ўзи айтганидай тирилди+. Келинглар, унинг ётган жойини кўриб қўйинглар.
7 Энди тезроқ бориб, унинг тирилганини шогирдларига айтинглар. Шунингдек, уларга: “У сизлардан аввал Жалилага кетяпти+. Ўша ерда уни кўрасизлар”,— деб айтинглар. Мен сизларга айнан шуни айтиш учун келганман»+.
8 Аёлларни ваҳима босган бўлса-да, улар катта қувонч билан шоша-пиша қабрдан чиқиб, Исонинг шогирдларига хабар бергани югуриб кетишди+.
9 Бирдан, уларнинг йўлидан Исо чиқиб: «Ассалому алайкум!» — деди. Улар Исонинг ёнига келиб, унга таъзим қилиб, оёқларига ёпишиб олишди.
10 Шунда Исо уларга: «Қўрқманглар! Бориб, биродарларимга хабар беринглар, улар Жалилага боришсин. Мени ўша ерда кўришади»,— деди.
11 Аёллар йўлда кетишаётганида, соқчилардан+ айримлари шаҳарга бориб, юз берган воқеани бош руҳонийларга айтиб беришди.
12 Бош руҳонийлар эса оқсоқоллар билан маслаҳатлашиб олгач, аскарларга анчагина кумуш танга беришди.
13 Кейин уларга шундай дейишди: «“Биз ухлаб ётганимизда, шогирдлари келиб, унинг жасадини ўғирлаб кетишди”+,— денглар.
14 Мабодо бу ҳокимнинг қулоғига етиб борса, ўзимиз унга ҳаммасини тушунтирамиз*, сизлар ҳеч ташвишланманглар».
15 Шундай қилиб, аскарлар кумуш тангаларни олишди-да, уларга буюрилгандай қилишди. Бу гаплар то ҳозиргача яҳудийлар орасида тарқалган.
16 Исонинг 11 та шогирди эса Жалилага+, Исо учрашиш учун тайин этган тоққа боришди+.
17 Исони кўргач улар унга таъзим қилишди. Аммо баъзилар унинг Исо эканидан шубҳаланди.
18 Исо бўлса уларга яқинлашиб, қуйидагиларни айтди: «Аллоҳ менга еру осмондаги бутун ҳокимиятни топширди+.
19 Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар+. Уларни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳ номи билан сувга чўмдиринглар+.
20 Мен сизларга амр этган ҳамма нарсага амал қилишни уларга ўргатинглар+. Замонанинг* охиригача+ мен доимо сизлар билан бўламан».
Изоҳлар
^ Бу кун ҳозир якшанба деб аталади. Яҳудийларда эса, бу ҳафтанинг биринчи куни эди.
^ Ёки «уни ишонтирамиз».