Чиқиш 3:1–22
3 Мусо Мидиён юрти руҳонийси, қайнатаси Ятронинг*+ сурувига чўпонлик қилиб юрди. Бир куни у сурувни саҳронинг ғарб томонига ҳайдаб, ҳақ Худонинг тоғи бўлмиш Хоревга бориб қолди+.
2 Шу пайт тиканакли бута орасида, аланга ичида Яҳованинг фариштаси унга зоҳир бўлди+. Мусо бута ёнаётганини, лекин ёниб тугамаётганини кўрди.
3 Мусо: «Бориб, бу ғайритабиий манзарага яхшилаб қарай-чи, нега бута ёниб тугамаётган экан»,— деди.
4 У қараш учун яқинлашаётганини кўриб, Яҳова бута орасидан: «Мусо! Мусо!» — деб чақирди. У: «Лаббай»,— деб жавоб қайтарди.
5 Тангри унга: «Бу ерга яқинлашма. Оёғингдаги сандални еч, чунки сен турган жой муқаддасдир»,— деб айтди.
6 Сўнг У давом этиб: «Мен ота-боболаринг Худосиман, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Тангрисиман»+,— деди. Шунда Мусо ҳақ Худога қарашдан қўрқиб, юзини ёпиб олди.
7 Яҳова яна қуйидагиларни айтди: «Мен Мисрдаги халқимнинг чекаётган азоб-уқубатини кўриб, мажбурлаб ишлатаётганларнинг дастидан чекаётган фиғонини эшитдим. Улар қанчалик азоб тортаётганини яхши биламан+.
8 Мен пастга тушиб, уларни мисрликлар қўлидан халос этаман-да+, яхши ва кенг, сут билан асал оқиб ётган юртга+, канъонликлар, хетийлар, аморийлар, паризийлар, хивийлар ва ёбусийларнинг ерига олиб кираман+.
9 Исроил халқининг фиғони Менга етиб келди. Мисрликлар уларга қанчалик жабр-зулм ўтказаётганини кўриб турибман+.
10 Энди кел, сени фиръавн ҳузурига юборай ва сен халқим Исроилни Мисрдан олиб чиқ»+.
11 Аммо Мусо ҳақ Тангрига: «Мен ким бўлибманки, фиръавн ҳузурига бориб, Исроил халқини Мисрдан олиб чиқсам?» — деди.
12 Бунга Аллоҳ: «Мен сен билан бирга бўламан+. Сени Мен юборганимнинг белгиси эса шу бўлади: сен бу халқни Мисрдан олиб чиқасан ва сизлар шу тоғда Менга, ҳақ Худога топинасизлар*»+,— деб айтди.
13 Мусо бўлса ҳақ Худога: «Айтайлик, мен Исроил халқи олдига бориб: “Ота-боболарингиз Худоси мени сизларнинг олдингизга юборди”,— десам, улар эса: “Унинг исми нима?”+ — деб сўрашса, уларга нима деб жавоб беришим керак?» — деди.
14 Аллоҳ Мусога: «Мен Ким бўлишни истасам, Ўша бўламан»*+,— деб айтди ва гапида давом этиб: «Исроилликларга: “Мени олдингизга Ўша бўламан юборди”,— деб айт»+,— деди.
15 Тангри Мусога яна шуларни айтди:
«Исроил халқига: “Мени олдингизга ота-боболарингиз Худоси, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Тангриси Яҳова+ юборди”,— дегин. Бу — Менинг абадий қоладиган исмимдир+ ва наслдан наслга Мени шу исмим билан ёдга олишади.
16 Энди боргин-да, Исроил оқсоқолларини йиғиб, бундай деб айт: “Ота-боболарингиз Худоси, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Тангриси Яҳова менга зоҳир бўлиб: “Мен сизларни ва Мисрда сизлар билан қандай муомала қилишаётганини кўриб турибман+.
17 Мисрликлар дастидан чекаётган азобларингиздан халос этиб+, канъонликлар, хетийлар, аморийлар+, паризийлар, хивийлар ва ёбусийлар+ ерига, сут билан асал оқиб ётган юртга+ олиб киришга ваъда бераман”— деб айтди”.
18 Улар сўзларингга қулоқ солишади+ ва Исроил оқсоқоллари билан бирга Миср шоҳининг ҳузурига бориб, унга: “Ибронийларнинг Худоси Яҳова+ биз билан гаплашди. Илтимос, уч кун йўл босиб, саҳрода Аллоҳимиз Яҳова учун қурбонлик келтиришимизга рухсат беринг”+,— деб айтинглар.
19 Лекин куч билан мажбур қилинмагунча, Миср шоҳи сизларга рухсат бермаслигини биламан+.
20 Шу боис, Мен қўлимни узатиб, ҳайратомуз ишларим билан Мисрга зарба бераман. Бундан кейингина фиръавн сизларни қўйиб юборади+.
21 Шундай қиламанки, мисрликлар Менинг халқимга илтифот кўрсатишади. Сизлар у ердан бўш қўл билан чиқиб кетмайсизлар+.
22 Ҳар бир аёл қўни-қўшнисидан ва уйида яшаётган аёлдан кумуш, олтин буюмлар ҳамда кийим-кечак сўраб олади. Бу нарсаларни эса ўғил-қизларингизга кийгизасизлар. Шу тариқа мисрликларни талон-торож қиласизлар»+.
Изоҳлар
^ Сўзма-сўз «хизмат қиласизлар».