Ҳаворийларнинг фаолияти 17:1–34

  • Павлус ва Сила Салоникада (1–9)

  • Павлус ва Сила Верияда (10–15)

  • Павлус Афинада (16–22а)

  • Павлуснинг Ареопагдаги нутқи (22б–34)

17  Улар Амфиполь ва Аполлониядан ўтиб, Салоника* шаҳрига етиб келишди+. У ерда яҳудийларнинг ибодатхонаси бор эди. 2  Павлус ўзининг одатига кўра+ у ерга кириб, уч ҳафта давомида ҳар Шаббат куни улар билан Муқаддас Ёзувлар асосида музокара қилди+. 3  Масиҳ азоб чекиб+ ўлиши, кейин эса тирилиши керак+ бўлганини тушунтириб, Муқаддас Ёзувлардан исботлар келтирди-да: «Бу Масиҳ, мен сизларга ваъз қилаётган Исодир»,— деб айтди. 4  Натижада яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрққан кўпгина юнонлар билан бир қанча обрўли аёллар ҳам Исонинг издоши бўлиб, Павлус билан Силага+ қўшилдилар. 5  Аммо ҳасадга тўлган яҳудийлар+, бозор майдонидаги бекорчилар орасидан айрим ёвуз кишиларни йиғиб, бир тўда бўлишди-да, шаҳарда тўполон кўтаришди. Улар Ясоннинг уйига бостириб бориб, Павлус билан Силани оломоннинг олдига олиб чиқмоқчи бўлишди. 6  Уларни тополмай, Ясонни ва айрим биродарларни шаҳар бошлиқларининг олдига судраб бориб, шундай дея бақиришди: «Ер юзини алғов-далғов қилган бу кишилар энди шу ерга ҳам келишибди+. 7  Ясон эса уларга меҳмондўстлик кўрсатибди. Бу кишиларнинг бари Исо деган бошқа бир шоҳ тўғрисида гапириб, подшоҳимизнинг* фармонига қарши чиқишяпти»+. 8  Бу сўзларни эшитган оломон ва шаҳар бошлиқларининг ичига ғулғула тушди. 9  Охири Ясондан ва бошқа биродарлардан гаров олгач, уларни озод этишди. 10  Дарҳол, ўша кечасиёқ биродарлар Павлус билан Силани Верия шаҳрига жўнатишди. У ерга етиб келишгач, улар яҳудийларнинг ибодатхонасига киришди. 11  Бу ердагилар Салоника аҳолисидан фарқли равишда холисона фикр юритишарди. Улар Худонинг каломини катта иштиёқ билан қабул қилиб, айтилганлар тўғрими ёки йўқми дея, Муқаддас Ёзувларни кунда синчковлик билан ўрганишарди. 12  Шунинг учун, улардан кўплари, шу қаторда обрўли юнон аёлу эркаклар ҳам Исонинг издоши бўлишди. 13  Павлус Верия шаҳрида ҳам Худонинг каломини ваъз қилаётганини эшитган Салоникадаги яҳудийлар у ерга ҳам келиб, халойиқни гижгижлаб, Павлусга қарши қилиб қўйишди+. 14  Шунда биродарлар Павлусни зудлик билан денгиз соҳилига кузатиб қўйишди+. Сила билан Тимўтий эса ўша ерда қолишди. 15  Павлусни кузатиб қўйган биродарлар у билан Афинагача боришди. Сила билан Тимўтий+ имкон қадар тезроқ келишсин, деган топшириқни олгач, улар орқага қайтишди. 16  Павлус Афинада Сила билан Тимўтийни кутиб тураркан, бу шаҳарнинг бутлар билан тўлганини кўриб ғаши келиб кетди. 17  Бундан кейин, у ибодатхонада яҳудийлар ва бошқа художўй кишилар билан музокара қила бошлади. Шунингдек, ҳар куни бозор майдонига чиқиб, дуч келган одам билан суҳбатлашарди. 18  Аммо айрим эпикурчи* ва стоик* файласуфлари Павлус билан баҳслашиб: «Бу маҳмадона ўзи нима демоқчи?» — дейишса, бошқалари: «У ёт худоларнинг воизига ўхшайди»,— деб айтишарди. Сабаби Павлус Исо ва тирилиш тўғрисидаги хушхабарни эълон қиларди+. 19  Шунда улар Павлусни Ареопагга* олиб бориб, шундай дейишди: «Қандай янги таълимот ҳақида гапираётганингизни билсак бўладими? 20  Сиз ҳаётимизда эшитмаган сўзларни гапиряпсиз. Биз уларнинг маъносини билмоқчимиз». 21  Аслида афиналиклар ва бу шаҳарда яшовчи мусофирлар бўш вақтларини бирор янги нарса ҳақда гапиришга ёки тинглашга сарфлашарди. 22  Шунда Павлус Ареопагнинг+ ўртасида туриб гап бошлади: «Эй афиналиклар, сизлар бошқаларга қараганда ҳар томонлама художўй* кишилар экансиз+. 23  Масалан, мен шаҳардаги муқаддас қадамжоларингизни томоша қилиб юрганимда, устида “Номаълум Тангрига” деб ёзиб қўйилган бир қурбонгоҳга кўзим тушди. Айнан сизлар билмай туриб сиғинаётган Худо ҳақида мен сизларга ваъз қиляпман. 24  Дунёни ва ундаги барча нарсани яратган Аллоҳ, еру осмоннинг Рабби+, қўл билан қурилган маъбадларда яшамайди+. 25  У бирор нарсага муҳтож эмаски+, Унга инсон қўллари билан хизмат қилиб бўлса. Чунки Унинг Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас+ ва барча нарсани бериб келмоқда. 26  Бутун ер юзида яшасинлар деб+, Худо барча миллатларни бир одамдан вужудга келтирди+. Шунингдек, тайинланган вақтларнинг ҳамда одамлар яшайдиган жойларнинг чегарасини белгилаб қўйди+. 27  Чунки Аллоҳ, одамлар Уни астойдил излаб топишларини хоҳлайди+. Зеро У ҳар биримизга яқиндир. 28  Зотан, биз У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз. Ўз шоирларингиздан баъзилари айтганидек: “Биз ҳам Унинг авлодимиз”. 29  Бизлар Тангрининг авлоди эканмиз+, Уни инсон ақли ва усталиги билан ясалган олтинга, кумушга ёки бирор тошга ўхшатмаслигимиз керак+. 30  Гарчи Худо бир замонлар одамлар билимсиз юришига йўл қўйган бўлса-да+, ҳозир ҳар ердаги инсонларни тавбага чақиряпти. 31  Боиси, У Ўзи тайинлаган зот орқали, бутун ер юзини адолат билан ҳукм қиладиган кунни белгилаб қўйган+. Барча одамлар бу кун келишига амин бўлишлари керак, чунки Тангри ўша зотни тирилтирди»+. 32  Улар тирилиш ҳақида эшитгандан кейин баъзилари уни масхара қилишар+, бошқалари эса: «Майли, кейинги сафар бу ҳақда гапирганингда, сени тинглаймиз»,— дейишарди. 33  Шунда Павлус у ердан кетди. 34  Аммо баъзилар Павлуснинг орқасидан бориб, Исонинг издоши бўлишди. Уларнинг орасида Ареопагда ҳакамлик қиладиган Дионис, Дамар исмли аёл ва бошқалар бор эди.

Изоҳлар

Ёки «Салоники».
Ёки «қайсарнинг». Юн. цезарь.
Ёки «худолардан қўрқадиган».