Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб 1:1–31
1 Аллоҳнинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси*+ бўлишга даъват этилган Павлусдан ҳамда биродаримиз Состендан
2 Тангрининг Коринфдаги+ жамоатига. Исо Масиҳнинг издошлари сифатида муқаддас қилинган+ ҳамда барча ерларда Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг исмини+ чақириб юрганлар билан бирга муқаддас бўлишга даъват этилган сизларга ёзяпман:
3 Отамиз Худонинг ва Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг инояти ва тинчлиги сизларга ёр бўлсин.
4 Тангрим сизларга Исо Масиҳ орқали иноят кўрсатганини ёдда тутиб, сизлар учун ҳамиша Унга шукрона айтаман.
5 Чунки Масиҳ туфайли сизлар ҳар нарсада бойиб кетиб, Худо каломини ваъз қилиш қобилиятига ҳамда тўла-тўкис билимга эга бўлдингизлар+.
6 Масиҳ тўғрисидаги шаҳодат+ эса орангизда мустаҳкам ўрнашди.
7 Натижада Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг ошкор бўлишини+ интизорлик билан кутаётиб, сизлар бирорта инъомдан ҳам қуруқ қолмадингизлар.
8 Аллоҳ ҳам сизларни охиригача қўллаб-қувватлаб туради, токи сизлар Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг кунида беайб бўлинглар+.
9 Сизларни Ўз Ўғлига, яъни Ҳазратимиз Исо Масиҳга шерик қилиш учун даъват этган Худо эса Ўз сўзига содиқдир+.
10 Хуллас биродарларим, Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг исми ҳаққи сизларга насиҳат қиламан: сўзларингизда уйғунлик бўлсин, орангизда бўлинишлар юз бермасин+, аксинча бир ўй, бир фикр орқали тамомила якдил бўлинглар+.
11 Гап шундаки биродарларим, Хлоиснинг хонадонидагилардан орангиздаги келишмовчиликлар ҳақида хабар топдим.
12 Яъни шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз: «Мен Павлуснинг шогирдиман», «Мен эса Аполлоснинг+ шогирдиман», «Мен бўлсам Кифанинг* шогирдиман», «Мен эса Масиҳнинг шогирдиман»,— деяпсизлар экан.
13 Демак, Масиҳнинг жамоати бўлинган экан-да?! Сизлар учун устунга михланган Павлусмиди? Ёки Павлуснинг номидан сувга чўмганмисизлар?
14 Худога шукурки, мен Крисп+ ва Гайдан+ бошқа сизлардан ҳеч кимни сувга чўмдирганим йўқ.
15 Шунинг учун менинг номимдан сувга чўмганига ҳеч ким даъво қилолмайди.
16 Тўғри, Стефануснинг хонадонидагиларни+ ҳам сувга чўмдирганман. Қолганларга келсак, яна кимни сувга чўмдирганимни эслолмайман.
17 Зеро Масиҳ мени сувга чўмдириш учун эмас, балки хушхабарни эълон қилиш учун юборган+. У мени гапга уста бўлганим учун эмас, аксинча унинг азоб устунида* ўлганлиги аҳамиятсиз бўлиб қолмаслиги учун юборди.
18 Чунки азоб устуни ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун нодонликдир+, нажот топадиган бизлар учун эса Аллоҳнинг қудратидан далолатдир+.
19 Боиси, Муқаддас Ёзувларда: «Доноларнинг донолигини йўққа чиқараман, зукколарнинг заковатини инкор этаман»+,— дейилган.
20 Ушбу замонанинг* донишмандлари қани? Олимлари* қани? Баҳсчилари қани? Худо дунёнинг донолиги нодонлик эканини кўрсатмадими?
21 Дунё ўзининг ҳикмати+ орқали Худони таниб-билмади+. Худо эса бошқаларнинг назарида нодонлик ҳисобланган+ ваъзимиз орқали имонлиларни қутқарди. Ана шу Аллоҳнинг ҳикматидан далолат беради.
22 Яҳудийлар мўъжиза талаб қилишади+, юнонлар ҳикмат излашади.
23 Биз эса устунга михланган Масиҳ ҳақида ваъз қиляпмиз. Бу яҳудийлар учун қоқинтирадиган тош, ўзга халқлар учун нодонликдир+.
24 Аммо даъват этилган яҳудийлару юнонлар учун Аллоҳнинг қудратию ҳикмати Масиҳ орқали намоён бўлди+.
25 Чунки Худонинг нодонлик деб ҳисобланган нарсаси, одамларникидан кўра ҳикматлироқдир. Аллоҳнинг кучсиздай бўлиб кўринган нарсаси, инсонларникига қараганда қудратлироқдир+.
26 Эй биродарлар, кўриб турганингиздек даъват этилганлардан ҳаммаси ҳам одамларнинг назарида на донишманд+, на қудратли, на асилзодадир+.
27 Аллоҳ дунёнинг донишмандларини уялтириш учун, уларнинг назарида нодон бўлганларни танлади ва дунёнинг кучли кишиларини шарманда қилиш учун, уларнинг назарида заиф бўлганларни танлади+.
28 Тангри мавжуд бўлганларни йўқ қилиш учун, дунёда кераксиз деб ҳисобланган, камситилган ва аҳамиятсиз бўлганларни танлади+.
29 Худо ҳеч бир киши Унинг олдида мақтанмаслиги учун шундай қилди.
30 Сизлар эса Аллоҳ туфайли Исо Масиҳнинг издошлари бўлдингиз. Масиҳ бизга Тангрининг ҳикматини намоён қилди, тўлов бериб бизни халос этди+ ҳамда Аллоҳнинг назарида одил+ ва муқаддас қилди+.
31 Бу Муқаддас Ёзувлардаги: «Мақтанаётган киши Яҳова* билан мақтансин»+,— деган сўзлар рўёбга чиқиши учун содир бўлди.