ТАСОДИФМИ ЁКИ ИЖОД МАҲСУЛИМИ?
Дельфиннинг «гидролокатори»
Дельфинлар сув остида сузаётганда, қайси томонга йўналишни ва теварак-атрофда нима бўлаётганини билиш учун турли товушларни чиқариб, акс садоларини эшитади. Олимлар замонавий технологияларни янада самарали қилиш мақсадида сув остидаги акустик системаларни ривожлантириш учун дельфинлар оиласининг бир тури бўлмиш афалиналарнинг (Tursiops truncatus) табиий «гидролокаторини» намуна сифатида қўлламоқчи.
Ўйлаб кўринг. Дельфинлар «гидролокатори» ёрдамида қум ичига яшириниб олган балиқларни топиш ва уларни тошдан фарқлай олиш қобилиятига эга. Эдинбургдаги (Шотландия) Хериот ва Уатт номидаги университетда ишлайдиган Кит Браун исмли профессорнинг айтишича, дельфинлар шунингдек, «10 метр узоқликдаги идишлар ичида нима борлигини, масалан, чучук, шўр сув, сироп ёки мойни фарқлай олади». Олимлар ушбу айрим хусусиятларни инобатга олган ҳолда муайян қурилмаларни ривожлантирмоқчи.
Олимлар дельфинларнинг товуш сигналларини ва эшитиш қобилиятини тадқиқ қилиб, уларнинг бу хусусиятларини қўллаб кўришди. Натижада эса муайян электрон қурилма кашф этилди ва у торпедага ўхшаш сув ости аппаратининг бир метрдан сал камроқ бўлган цилиндр идишига ўрнатилди. Бу қурилма денгиз тубини тадқиқ қилиш учун қўлланилади ва торпедага ўхшаш автоматик тарзда бошқариладиган сув ости кемалари унинг ёрдамида яширин нарсаларни, масалан, кабель ёки трубаларни топиши ҳамда уларни текшириши мумкин. Уни ишлаб чиқарганларнинг фикрича, нефть ва газ чиқариш соҳасида у жуда қўл келади. Дельфинларнинг бу хусусиятидан намуна олингани натижасида кашф этилган гидролокатор туфайли илгаригига қараганда кўпроқ маълумотга эга бўлиш мумкин. Унинг ёрдамида мутахассислар сув ости қурилмалари учун яхшироқ жой топиб, унинг ҳолатини текшира олади, масалан, нефть платформаларида ҳатто соч толасидай бўлган ёриқларни аниқлайди ёки трубалардаги ахлатни топа олади.
Нима деб ўйлайсиз? Афалиналар «гидролокатори» эволюция натижасида пайдо бўлганми? Ёки ижод маҳсулими?