Муқаддас Китоб ўзгартирилганми?
Йўқ. Қадимги қўлёзмаларни солиштириш шуни кўрсатяптики, Муқаддас Китоб минглаб маротаба тез чириб кетадиган материалларга кўчириб ёзилган бўлишига қарамай умуман олганда ўзгармаган.
Бу Муқаддас Китобни кўчириб ёзаётганда умуман ҳеч қандай хатога йўл қўйилмаганини англатадими?
Муқаддас Китобнинг минглаб қадимий қўлёзмалари топилган. Уларнинг айримларида бир қанча фарқ, жумладан, кўчириб ёзиш давомида йўл қўйилган хатолар бор. Ушбу хатоларнинг аксарияти арзимас ва матн маъносига таъсир қилмайди. Бироқ бир нечта салмоқли ўзгаришлар ҳам топилган. Улардан айримлари қадимдаёқ Муқаддас Китобдаги хабарни ўзгартириш учун атайин киритилганга ўхшайди. Улардан иккитасини кўриб чиқайлик:
Муқаддас Китобнинг айрим қадимий таржималарида 1 Юҳанно 5:7 да қуйидаги сўзлар мавжуд: «...самода Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ бор: ва уларнинг учови бир». Бироқ ишончли қўлёзмалар бу сўзлар асл матнда йўқлигини тасдиқламоқда. Улар кейинчалик қўшиб қўйилган a. Шу сабабли, Муқаддас Китобнинг ишончли замонавий таржималарида бу сўзлар йўқ.
Худонинг шахсий исми Муқаддас Китобнинг қадимий қўлёзмаларида минглаб маротаба учрайди. Шунга қарамай, Муқаддас Китобнинг кўплаб таржималарида бу исм «Эга» ёки «Худо» каби унвонларга алмаштирилган.
Муқаддас Китобда ҳали аниқланиши мумкин бўлган бошқа хатолар йўқлигига қандай амин бўла оламиз?
Ҳозирги кунда шунчалик кўп қадимий қўлёзмалар топилганки, Муқаддас Китобда хато бор-йўқлигини осонликча аниқлаш мумкин b. Ушбу ҳужжатларни солиштириш натижасида бу китобнинг аниқлиги ҳақида нималар ошкор бўлди?
Ибронийча ёзувларнинг ёки Тавротнинг матни борасида олим Вильям Х. Грин шундай деди: «Аминлик билан айтиш мумкинки, қадимий асарларнинг ҳеч бири шунчалик аниқ етказиб берилмаган».
Инжил ёки Юнонча ёзувлар ҳақида Муқаддас Китоб бўйича олим Ф. Ф. Брюс қуйидагиларни ёзди: «Аксарият классик ёзувчиларнинг асарлари ишончли эканини тасдиқлайдиган далиллардан кўра, Янги аҳд [Инжил] ишончли эканини тасдиқловчи далиллар анча кўпроқ. Лекин ўша асарларни шубҳа остига қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди».
Муқаддас Китоб қўлёзмалари бўйича таниқли мутахассис Фредерик Кеньоннинг айтишича, «тўлиқ Муқаддас Китобни ушлаб турган киши қўрқмай ва ҳеч иккиланмай, асрлар оша авлоддан авлодга жиддий ўзгаришларсиз етиб келган Худонинг ҳақиқат Каломини қўлида тутиб турганини айта олади».
Бизгача етиб келган Муқаддас Китоб аниқ эканига ишонишимиз учун яна қандай сабаблар бор?
Яҳудий ва масиҳий кўчириб ёзувчилар Худонинг халқи жиддий хатолар қилгани ҳақидаги воқеаларни борича сақлаб қолишган c. (Саҳрода 20:12; 2 Шоҳлар 11:2–4; Галатияликларга 2:11–14) Шунингдек, улар Яҳудий халқи итоатсизлиги туфайли ҳукм қилингани ҳақидаги ҳамда инсоний таълимотларнинг нотўғри эканини фош этувчи оятларни олиб қўйишмаган. (Ҳўшея 4:2; Малаки 2:8, 9; Матто 23:8, 9; 1 Юҳанно 5:21) Бу воқеаларни борича кўчириб ёзгани билан улар ишончли эканини ва Худонинг муқаддас Каломини юқори қадрлаганини кўрсатишган.
Наҳотки Муқаддас Китоб ёзилишига ғамхўрлик қилган Худо уни ўзгартиришларига йўл қўйса?! d (Ишаё 40:8; 1 Бутрус 1:24, 25) Ахир У Муқаддас Китоб нафақат қадимда яшаган халқига, балки бизларга ҳам фойда келтиришини истаган. (1 Коринфликларга 10:11) Чиндан ҳам, «қадимда Муқаддас Ёзувларда айтилган барча нарсалар насиҳат олишимиз учун ёзилган. Токи улар туфайли сабр-бардошли бўлиб ҳамда тасалли топиб, умидга эга бўлайлик». (Римликларга 15:4)
Исо ва унинг издошлари Ибронийча ёзувларнинг нусхаларидан иқтибос келтиришганида, қадимги матн ўзгармаганига асло шубҳа қилишмаган. (Луқо 4:16–21; Ҳаворийлар 17:1–3)
a Синай ва Александрия кодекси, Ватикан қўлёзмаси (1209), лотин Вульгатасининг асл матни, Фелосениан ва Ҳарклиннинг сурёнийча таржимаси ёки сурёнийча Пешиттада бу сўзлар мавжуд эмас.
b Масалан, Муқаддас Китобнинг юнон тилидаги Инжил қисми ёки Юнонча ёзувларнинг 5 000 дан зиёд қўлёзмалари топилган.
c Муқаддас Китобда Худонинг хизматчилари мукаммал қилиб кўрсатилмаган. Унда: «Гуноҳ қилмайдиган одам йўқ»,— дея бор ҳақиқат айтилган. (3 Шоҳлар 8:46)
d Муқаддас Китобга кўра, Худо нимани ёзишни сўзма-сўз айтиб турмаган бўлса-да, Унинг сўзларини қаламга олган кишиларнинг фикрларини йўналтириб турган. (2 Тимўтийга 3:16, 17; 2 Бутрус 1:21)