Муқаддас руҳ нима?
Муқаддас Китоб асосида жавоб
Муқаддас руҳ Худонинг амалдаги кучи, фаол қудратидир. (Михо 3:8; Луқо 1:35) У иродасини амалга ошириш учун кучини йўналтириш орқали руҳини ҳар қандай ерга юборади. (Забур 104:30; 139:7)
Муқаддас Китобда «руҳ» сўзи ибронийча руах, юнонча пневма сўзидан ўгирилган. Кўпинча бу сўзлар Худонинг фаол қудратига ёки муқаддас руҳига ишора қилади. (Ибтидо 1:2) Лекин Муқаддас Китобда улар бошқа маъноларда ҳам қўлланилган.
Нафас. (Хабаққуқ 2:19; Ваҳий 13:15)
Шамол. (Ибтидо 8:1; Юҳанно 3:8)
Тирик мавжудотларнинг ҳаётий кучи. (Аюб 34:14, 15)
Инсоннинг руҳияти ёки нуқтаи назари. (Саҳрода 14:24)
Руҳий шахс, жумладан, Худо ва фаришталар. (3 Шоҳлар 22:21; Юҳанно 4:24)
Бу маъноларнинг барчаси инсон кўзи билан кўриб бўлмайдиган, лекин натижаси кўринадиган нарсани билдиради. Шу сингари, Худонинг руҳи «шамол каби кўзга кўринмайди, уни қўл билан ушлаб бўлмайди ва у қудратли». («An Expository Dictionary of New Testament Words, by W. E. Vine»)
Бундан ташқари, Муқаддас Китобда Худонинг муқаддас руҳи Унинг «қўллари» ёки «бармоғи» сифатида тилга олинган. (Забур 8:3; 19:1; Луқо 11:20, изоҳ; Матто 12:28 ни солиштиринг.) Уста бирор ишни қилиш учун қўллари ва бармоқларидан фойдалангани каби, Худо ҳам қуйидаги ишларни амалга ошириш учун муқаддас руҳидан фойдаланган:
Коинотни яратган. (Забур 33:6; Ишаё 66:1, 2)
Муқаддас Китобни берган. (2 Бутрус 1:20, 21)
Қадимги хизматчиларига ғайрат ила ваъз ҳамда мўъжизалар қилишга ёрдам берган. (Луқо 4:18; Ҳаворийлар 1:8; 1 Коринфликларга 12:4–11)
Унга қулоқ солган одамларга ажойиб фазилатларни намоён этишга кўмаклашган. (Галатияликларга 5:22, 23)
Муқаддас руҳ шахс эмас
Муқаддас Китобда Худонинг руҳига «қўллари», «бармоқлари» ёки «нафаси» сифатида ишора қилинганидан у шахс эмаслигини кўрса бўлади. (Чиқиш 15:8, 10) Устанинг қўллари унинг онги ва танасидан мустақил тарзда ҳаракат қила олмайди. Шу каби, муқаддас руҳ фақатгина Худо уни йўналтирганида ҳаракатга тушади. (Луқо 11:13) Қолаверса, Муқаддас Китобда Худонинг руҳи сув билан солиштирилган ва имон ҳамда билим каби тушунчалар билан боғлиқ. Буларнинг барчаси муқаддас руҳ жонли нарса эмаслигини кўрсатяпти. (Ишаё 44:3; Ҳаворийлар 6:5; 2 Коринфликларга 6:6)
Муқаддас Китобда Худонинг ва Ўғлининг исмлари келтирилган, яъни Яҳова ҳамда Исо Масиҳ. Бироқ муқаддас руҳга исм берилгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. (Ишаё 42:8; Луқо 1:31) Масиҳий сифатида азоб чеккан Стефан мўъжизавий тарзда ваҳий олганда, осмонда учта эмас, фақатгина иккита шахсни кўрган. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Муқаддас руҳга тўлган Стефан осмонга қаради-да, Аллоҳдан порлоқ нур таралаётганини ва Худонинг ўнг томонида турган Исони кўрди». (Ҳаворийлар 7:55) Муқаддас руҳ, яъни Худонинг амалдаги кучи Стефанга бу ваҳийни кўришга кўмаклашган.
Муқаддас руҳ ҳақидаги нотўғри фикрлар
Нотўғри фикр: Библия жамиятининг нашридаги 1 Юҳанно 5:7, 8 га биноан, муқаддас руҳ шахс ва учликнинг бир қисми.
Факт. Библия жамиятининг нашрида 1 Юҳанно 5:7, 8 да қуйидаги сўзлар қўшимча қилиб келтирилган: «Осмонда учтаси гувоҳлик беради: Ота, Калом ва Муқаддас Руҳ. Бу учови бир». Бироқ тадқиқотчилар шуни аниқлашдики, ҳаворий Юҳанно бу сўзларни ёзмаган. Шундай экан, улар Муқаддас Китобга тегишли эмас. Профессор Брюс Мецгер қуйидагича ёзди: «Бу сўзлар ўйлаб топилган ва аслида улар Янги аҳдда бўлмаслиги керак». («A Textual Commentary on the Greek New Testament»)
Нотўғри фикр: Муқаддас Китоб муқаддас руҳни жонли шахс қилиб кўрсатяпти ва бу у шахс эканлигини исботлайди.
Факт: Муқаддас Ёзувларда баъзида муқаддас руҳ жонли қилиб кўрсатилган. Масалан, Исо муқаддас руҳ «ёрдамчи» сифатида далил келтириши, йўл кўрсатиши, гапириши, эшитиши, хабар бериши ва улуғлашини айтган. (Юҳанно 16:7–15) Лекин бу у шахс эканини исботламайди. Муқаддас Китобда шунингдек, донолик, ўлим ва гуноҳ жонли қилиб кўрсатилган. (Ҳикматлар 1:20; Римликларга 5:17, 21) Масалан, доноликнинг «ишлари» борлиги, гуноҳ эса алдаши, ўлдириши ва таъмагирлик қилиши ҳақида айтилган. (Матто 11:19; Римликларга 7:8, 11)
Нотўғри фикр: муқаддас руҳ номи билан сувга чўмиш у шахс эканини кўрсатяпти.
Факт: баъзида куч ёки ҳуқуққа эга эканини билдириш учун Муқаддас Китобда «ном» сўзи қўлланилган. (Қонунлар 18:5, 19–22; Эстер 8:10) Бу ўзбек тилидаги «қонун номи билан» ёки «қонун номидан» каби ибораларга ўхшаш. Бироқ улар қонун шахс эканини англатмайди. (Матто 28:19)
Нотўғри фикр: Исонинг ҳаворийлари ва бошқа илк шогирдлар муқаддас руҳ шахс эканига ишонишган.
Факт: бу борада на Муқаддас Китобда, на тарихда ёзилган. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Муқаддас руҳ алоҳида шахс экани ҳақидаги тушунча мил. 381 йили Константинополь кенгашида вужудга келган». («Encyclopædia Britannica») Бу охирги ҳаворий ўлганидан 250 йилдан ошиқ вақт ўтганидан сўнг содир бўлган.