Асосий материалларга ўтиш

Ғазабланиш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

Ғазабланиш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Муқаддас Китобга кўра, ғазабни тия билмаслик, ҳам уни намоён этаётган кишига, ҳам атрофдагиларга зарар келтиради. (Ҳикматлар 29:22) Гарчи баъзида ғазабланиш ўринли бўлса-да, Муқаддас Китобда айтилишича, «дарғазаб бўлиш»да давом этган киши нажотга эришмайди. (Галатияликларга 5:19–21) Шунингдек, Муқаддас Китобда ғазабни тийишга ёрдам берадиган принциплар келтирилган.

 Ғазабланиш доим ҳам нотўғри бўлармиди?

 Йўқ. Баъзида ғазабланиш ўринли бўлиши мумкин. Масалан, садоқатли Нахимиё айрим имондошлари таъқиб қилинаётгани тўғрисида эшитганида «қоним қайнаб кетди» деган. (Нахимиё 5:6)

 Баъзида Аллоҳ ҳам ғазабланади. Мисол учун, қадимда исроилликлар фақат Яҳовага топиниш ҳақидаги аҳдни бузиб, сохта худоларга сажда қила бошлаганида Унинг уларга «қарши ғазаби қайнаган». (Ҳакамлар 2:13, 14) Лекин бу Худованд Яҳованинг асосий сифати эмас. Яҳованинг ғазаби доим ўринли ва У уни тия олади. (Чиқиш 34:6; Ишаё 48:9)

 Қачон бу нотўғри?

 Ноўрин ғазабланиш ва уни тия билмаслик нотўғри ва номукаммал одамлар билан кўпинча шундай бўлади. Қуйидаги мисолларга эътибор беринг.

  •   Аллоҳ Қобилнинг қурбонлигини қабул қилмаганида, унинг «қаттиқ жаҳли чиққан». Қобил шу қадар ғазабланиб, ҳатто ўз укасини ўлдиришгача борган. (Ибтидо 4:3–8)

  •   Тангри ниневияликларга раҳм-шафқат кўрсатганида, Юнус пайғамбарнинг «ғазаби қайнаб кетган». Тангри Юнусга фикрлаш тарзини ўзгартиришга ёрдам бериб, ғазабланишга ҳақли эмаслигини тушунишга кўмаклашган. Қолаверса, тавба қилган инсонларга раҳм қилишга уни ундаган. (Юнус 3:10–4:1, 4, 11) a

 Мазкур мисоллардан кўряпмизки, ғазабни тия билмасак ва у ноўрин бўлса, «Аллоҳ талаб этган адолатга мувофиқ йўл тута олмаймиз». (Ёқуб 1:20)

 Ғазабни қай йўсин тийишингиз мумкин?

  •   Ғазабни тия билмаслик заифлик эканини тушунинг. Баъзилар ғазабни сочиш кучли эканини кўрсатишнинг белгиси деб ўйлайди. Аслида эса, ғазабини тия билмаган киши заифдир. «Жаҳлини тия олмайдиган одам девори қулаган, деворсиз шаҳар кабидир». (Ҳикматлар 25:28; 29:11) Бошқа тарафдан, ғазабимизни жиловлай билсак, чинакамига кучли ва ақл-идрокли эканимизни кўрсатамиз. (Ҳикматлар 14:29) Муқаддас Китобда: «Ғазабини тийган қудратли кишидан яхшироқ»,— дейилган. (Ҳикматлар 16:32)

  •   Ғазабингизни тия билинг, акс ҳолда, афсусланишингиз мумкин бўлган ишлар қилиб қўясиз. Забур 37:8 да қуйидагича ёзилган: «Қаҳру ғазабни ўзингдан соқит қил, жаҳлга берилиб, ёмон ишларга юз бурма». Эътибор беринг, ғазабланганда танлов олдида турамиз — уни ўзимиздан соқит қилишимиз ёки «ёмон ишларга юз буришимиз» мумкин. Эфесликларга 4:26 да: «Ғазабланганда гуноҳ қилманглар»,— деган ундов бор.

  •   Иложи бўлса, жанжал чиқишидан аввал у ердан кетинг. Муқаддас Китобда: «Уришнинг бошланиши тўсиқни бузган тошқиндайдир, жанжал чиқмасидан аввал у ерни тарк эт»,— деган сўзлар бор. (Ҳикматлар 17:14) Гарчи келишмовчиликни тезроқ ҳал қилиш доноликдан бўлса-да, муаммони муҳокама қила олиш учун ҳам сиз, ҳам у киши тинчланиши лозим.

  •    Далилларга эга бўлинг. Ҳикматлар 19:11 да: «Фаҳм-фаросатли жаҳлини тия олади»,— деб айтилган. Бирон хулосага келишдан аввал барча далилларга эга бўлсак, доноликни намоён этган бўламиз. Вазиятга тегишли барчасини диққат билан тингласак, ноўрин ғазабланиш эҳтимоли камаяди. (Ёқуб 1:19)

  •    Қалбингизда тинчлик бўлишини сўраб ибодат қилинг. Ибодат «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлиги»ни ҳис этишингизга ёрдам беради. (Филиппиликларга 4:7) Муқаддас руҳни олишнинг муҳим йўлларидан бири ибодатдир. Бу эса, ўз навбатида, тинчлик, сабр-тоқат ва ўзини тута билиш фазилатларини ривожлантиришимизга кўмаклашади. (Луқо 11:13; Галатияликларга 5:22, 23)

  •   Ким билан мулоқот қилишни синчковлик ила танланг. Бирга вақт ўтказаётган инсонларга ўхшаб қолиш мойиллигимиз бор. (Ҳикматлар 13:20; 1 Коринфликларга 15:33) Шу боис, Муқаддас Китобда қуйидагича огоҳлантирув ёзилган: «Аччиғи тез одамга шерик бўлма, жиззаки кишига қўшилиб қолма». Чунки «унинг сўқмоқларини ўрганиб, жонингни тузоққа туширасан». (Ҳикматлар 22:24, 25)

a Афтидан, Юнус фикрлаш тарзини ўзгартирганга ўхшайди. Чунки Худо Муқаддас Китобнинг бир қисмини ёзишда ундан фойдаланган ва бу қисм Юнуснинг исми билан аталади.