Асосий материалларга ўтиш

ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР | АЮБ

«Бенуқсонлигимдан воз кечмайман!»

«Бенуқсонлигимдан воз кечмайман!»

У ерда ўтирарди. Танаси бошдан оёқ йирингли чипқонлар ёки яралар билан қопланганди. Бир тасаввур қилинг, боши эгик, елкалари эса букик; ёлғиз; ҳатто атрофида учиб юрган пашшаларни ҳам ҳайдашга ҳоли йўқ эди. У қайғураётганини кўрсатиш учун кулга ўтирганди ва сопол идишнинг бир парчаси билан яраларини қира оларди, холос. У бор-будидан айрилди. Илгари у обрўли киши эди, энди эса, ҳамма ундан юз ўгирди! Дўсту биродарлари, қариндошлари уни ташлаб кетди. Одамлар, ҳатто болалар уни мазах қиларди. У Худоси Яҳова ҳам унга қарши чиқди деб ўйларди, аммо у адашганди. (Аюб 2:8; 19:18, 22)

Бу киши Аюб эди. Худо у ҳақида шундай деган: «Ер юзида унга тенг келадигани йўқ». (Аюб 1:8) Асрлар ўтгач ҳам, Яҳова Аюбни одил кишилар қаторида ҳисоблаган. (Ҳизқиё 14:14, 20)

Сиз ҳам қийинчиликлару оғир вазиятларга дуч келяпсизми? Аюб билан бўлган воқеалар сизга далда бериши мумкин. Шунингдек, унинг мисоли ёрдамида Худонинг ҳар бир садоқатли хизматчиси ривожлантириши керак бўлган фазилат — бенуқсонлик тўғрисида билиб оласиз. Одамлар ҳатто оғир пайтда ҳам Худога садоқатли қолиб, Унинг иродасини бажарганда, бенуқсонликни намоён этган бўлади. Келинг, Аюбнинг мисолида бу фазилат ҳақида кўпроқ билиб олайлик.

Аюб билмаган нарсалар

Аюб ҳаётдан кўз юмганидан бир оз вақт ўтгач, садоқатли Мусо пайғамбар унинг ҳикоясини баён қилган, деб хулоса қилишимиз учун асос бор. Мусо илоҳий илҳом остида нафақат Аюб билан ерда юз берган воқеаларни, балки осмонда бўлиб ўтган баъзи ҳодисаларни ҳам қаламга олган.

Ҳикоянинг бошида Аюб ҳаётдан завқ олиб, бахтли яшагани тўғрисида ўқиймиз. У бой ва Уз юртида — эҳтимол, Арабистоннинг шимолида — обрўли ва ҳурмат қозонган киши эди. У муҳтож бўлганларга сахийлик ила ёрдам берарди ва заиф кишиларни қўллаб-қувватлаб ҳимояларди. Аюб ва унинг турмуш ўртоғи ўнта фарзанднинг ота-онаси эди. Энг муҳими эса, Аюб маънавий инсон эди. Узоқ қариндошлари бўлган Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва Юсуф каби у ҳам Яҳовани мамнун қилишга интиларди. Улар каби Аюб ҳам оиласида руҳоний вазифасини бажариб, фарзандлари учун мунтазам равишда қурбонликлар келтирарди. (Аюб 1:1–5; 31:16–22)

Аммо тўсатдан Аюбнинг ҳикояси бошқача тус олди. Самода юз берган воқеаларга нигоҳ ташлашимиз мумкин ва Аюб бехабар бўлган нарсалар тўғрисида билиб оламиз. Яҳованинг садоқатли фаришталари Унинг олдида йиғилганди ва исёнкор Шайтон ҳам келди. Яҳова у одил бўлган Аюбни ёқтирмаслигини биларди. Шу боис, Худо унинг диққатини Аюбнинг тебранмас бенуқсонлигига қаратди. Шайтон қатъийлик билан қуйидагича деди: «Аюб бекорга худотарсми? Ахир унинг ўзини, хонадонини ва бор нарсасини ҳимоя қилиб турган Сен эмасми?!» Ҳа, Шайтон бенуқсон кишилардан нафратланади. Чунки улар Тангри Яҳовага бутун қалби билан содиқ қолиб, Шайтон ҳеч кимни севмайдиган сотқин эканини ошкор қилишади. Шайтон Аюб Худога фақатгина худбин истаклари туфайли топиняпти, дея таъкидлади. Шайтоннинг айтишича, агар Аюб бор-будидан маҳрум бўлса, у Яҳованинг кўз олдида Уни лаънатлаган бўларди. (Аюб 1:6–11)

Аюб булар ҳақида билмасди, лекин Яҳова унга ажойиб имкон берди — у Шайтон ноҳақ эканини исботлаши мумкин эди. Аллоҳ Шайтон Аюбни бор-будидан айришига йўл қўйди. Фақат унинг ўзига тегиши мумкин эмасди. Шайтон шу заҳоти ярамас қабиҳликларини бошлади. Бир куннинг ўзида Аюб бирданига оғир қийинчиликларга дуч келди. У кутилмаганда чорвасидан — аввал, ҳўкизу эшаклари, сўнг қўйлари ва охири туяларидан айрилди. Ачинарлиси, уларни боқиб юрган хизматкорлар ўлдирилганди. Аюбга хабар келтирган хизматкор бу «Худонинг олови» туфайли юз берганини айтди. Балки бу чақмоқ бўлгандир. Аюб бўлиб ўтганларни, яъни барча одамлар ҳалок бўлганини ва энди қашшоқликда яшашга тўғри келишини тушунишга улгурмасидан, бундан ҳам ёмон хабар келди. Унинг барча фарзандлари катта ўғлининг уйида йиғилганида, ногаҳон кучли шамол эсиб, уйига урилди. Уй қулаб, уларнинг барчаси нобуд бўлди. (Аюб 1:12–19)

Аюб нималарни ҳис қилганини охиригача тушуниш қийин ёки ҳатто имконсиз бўлиши мумкин. У кийимини йиртди, сочини қирқиб, ерга мук тушди. Аюб берган ҳам Худо, олган ҳам Худо деган хулосага келди. Дарҳақиқат, Шайтон устаси фаранглик ила барча қийинчиликларни Худодан бўлгандай қилиб уюштирди. Шайтон Аюб Худони лаънатлайди деб айтганди, лекин у бундай қилмади. Аксинча, у: «Яҳованинг исмига ҳамду санолар бўлсин!» — деди. (Аюб 1:20–22)

Аюб Шайтон уни Худонинг олдида айблаётганидан бехабар эди

«У Сени лаънатлайди»

Ғазабга минган Шайтон қилмишларини давом эттирди. Фаришталар йиғилганда, у яна Яҳованинг олдига келди. Тангри Яҳова Аюб Шайтоннинг ҳужумларига қарамай, бенуқсон қолаётгани учун уни яна мақтади. Шайтон эса, эътироз билдириб: «Одам ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун бировнинг ҳаётини ҳам аямайди! Инсон ўз жонини сақлаш учун бор нарсасини беради»,— деди. Шайтон Аюб оғир касаллик дастидан Худони лаънатлашига амин эди. Яҳова Аюбга буткул ишониб, Шайтон унинг соғлигига зарар етказишига йўл қўйди. Бироқ ўлдиришига йўл қўймади. (Аюб 2:1–6)

Кўп ўтмай Аюб юқорида тасвирланган аҳволга тушиб қолди. Унинг хотини қандай аянчли аҳволда бўлганини бир тасаввур қилинг. Ўнта фарзандини йўқотганидан қайғуга ботган аёл даҳшатли тарзда азоб чекаётган турмуш ўртоғининг ҳолатини кўришга мажбур эди, қўлидан эса ҳеч нарса келмасди! У иложсизликдан: «Ҳалиям бенуқсонлигингизга маҳкам ёпишиб ўтирибсизми?! Ундан кўра Худони лаънатлаб, ўлиб қўя қолганингиз яхшироқ эмасми?!» — дея бақирди. Бу сўзларни Аюб билган ва севган аёл айтаётганга ўхшамасди. У хотини ақлсиз аёлдек гапиряпти деган фикрга борди. Лекин у Худони лаънатламади. У ножўя сўз айтиб гуноҳ қилмади. (Аюб 2:7–10)

Бу ғамгин воқеа шахсан сизга ҳам тегишли эканини билармидингиз? Шайтоннинг ёлғон айбловлари фақатгина Аюб эмас, балки ер юзидаги барча одамларга қаратилган эди. У: «Одам ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун бировнинг ҳаётини ҳам аямайди!» — деб таъкидлаган. Бошқача қилиб айтганда, Шайтон бенуқсонликни сақлаш қўлимиздан келмайди, деб ҳисоблайди! У сиз Худони умуман севмаслигингизни ва ҳаётингизни сақлаб қолиш учун Худодан юз ўгиришингизни таъкидлаяпти. Ҳа, Шайтон сизни ўзига ўхшатиб худбин деб атаяпти! У ёлғончи эканини исботламоқчимисиз? Ҳар биримизда бундай имконият бор. (Ҳикматлар 27:11) Энди эса, Аюб яна қандай қийинчиликка дуч келганини кўрайлик.

Сохта юпатувчилар

Муқаддас Китобда Аюбнинг дўстлари ёки танишлари деб аталган учта киши унинг бошига тушган кулфатлар ҳақида эшитиб, тасалли бериш учун олдига келди. Улар Аюбни узоқдан кўриб танимади. У қаттиқ оғриқни ҳис қилаётганди, танаси яраларга тўлиб кетганди ва кўриниши ҳам олдингидай эмасди. Элифаз, Билдад ва Зўфар исмли бу уч киши ўзини гўёки Аюбнинг оғриғини ҳис этаётгандай кўрсатди. Улар ўкириб йиғлашди ва бошларига тупроқ сепишди. Кейин эса, Аюб билан бирга ўтириб, ҳеч нима дейишмади. Бир ҳафта давомида туну кун улар ўша ерда ўтириб бир оғиз сўз ҳам айтишмади. Улар сукут сақлаганини тасалли деб бўлмайди. Чунки улар Аюбга шахсий қизиқиш кўрсатишмади ва унинг вазияти ҳақида бирон нима билишга ҳаракат қилишмади. Улар фақат кўзига кўринган нарсани — Аюб қаттиқ азоб чекаётганини билишарди, холос. (Аюб 2:11–13; 30:30)

Охири Аюбнинг ўзи гапирди. У қанчалар қайғураётганини кўрсатиш учун дунёга келган кунни лаънатлади. У нега ўзини шунчалар ёмон ҳис қилаётганининг асосий сабабларидан бирини ошкор этди. Аюб барча муаммоларининг сабабчиси Худо деб ўйлади! (Аюб 3:1, 2, 23) Лекин у Худога бўлган имонини йўқотмаганди, у фақат тасаллига муҳтож эди. Лекин учта дўсти гапира бошлаганда, Аюб улар жим ўтиргани яхшироқ эди деб ўйлагандир. (Аюб 13:5)

Эҳтимол, Элифаз бу учта дўстнинг энг кексаси ва Аюбдан ҳам ёши анча катта бўлган. У гап бошлади. Кўп ўтмай эса, қолган иккитаси ҳам қўшилди. Бир қарашда, улар ҳам Элифаз каби аҳмоқона сўзларни гапиришди. Улар айтган баъзи гаплар зарарсиз ва маънавий фикрлардек кўрингандир. Бу учта киши ўзини маънавий инсондек кўрсатиб, ҳаммага маълум нарсалар, яъни Қодир Аллоҳ ёвузларни жазолаб, яхшиларга барака бериши ҳақида тинмай гапиришди. Лекин улар Аюбга нисбатан шафқатсиз экани бошиданоқ аён эди. Элифаз ўзича, Худо яхши ва У ёвузларни жазоласа, демак, Аюб ҳам жазоланиши керак деган хулосага келди. Хўш, у ҳақмиди? Аюб бирон ёмон иш қилиб қўйганмиди? (Аюб 4:1, 7, 8; 5:3–6)

Аюб бундай фикрларни ёқтирмаганининг ажабланарли жойи йўқ. У буни рад этди. (Аюб 6:25) Аммо ўша учта дўсти Аюб қандайдир гуноҳ қилган ва буни яширишга уриняпти деб ўйларди. Элифаз уни мағрур, ёвуз деб Худодан қўрқмасликда айблади. (Аюб 15:4, 7–9, 20–24; 22:6–11) Зўфар бўлса, Аюбга ёмон йўлдан ва гуноҳли ишларидан қайтишни айтди. (Аюб 11:2, 3, 14; 20:5, 12, 13) Энг оғриқли сўзларни Билдад айтди. У Аюбнинг ўғиллари гуноҳ қилишган ва улар ўлимга лойиқ эканига шама қилди. (Аюб 8:4, 13)

Аюбнинг учта дўсти унга тасалли бермади, оғриғига оғриқ қўшди, холос

Бенуқсонлик хавф остида

Янглиш фикрда бўлган ўша учта киши янада катта хатога йўл қўйди. Улар нафақат Аюбнинг бенуқсонлигини шубҳа остига қўйишди, балки бундан Худога ҳеч қандай наф йўқ дейишди! Элифаз гапини бошлаганида, кўринмас даҳшатли кучни тасвирлади. У Иблисга хос фикрларга берилиб, салбий хулосага келди: Худо «ҳатто Ўз хизматчиларига ишонмайди, фаришталаридан ҳам нуқсон топади». Унинг хулосасига кўра, одамлар асло Худони мамнун қила олмайди! Кейин эса, Билдад арзимас қуртдай бўлган одамнинг бенуқсонлиги Аллоҳни қизиқтирмаслигини таъкидлади! (Аюб 4:12–18; 15:15; 22:2, 3; 25:4–6)

Сиз ҳам қаттиқ азоб чеккан кишига тасалли берганмисиз? Бу осон эмас. Аюбнинг янглиш фикр юритган дўстларидан асосан нима демаслик борасида сабоқ олсак бўлади. Бу учта киши ақлли ва мантиқан тўғри туюлган кўп фикрларни айтди, бироқ улар Аюбга ҳамдард бўлмади ва ҳатто унга исми билан мурожаат қилмади! Аюбнинг қалби тилка-пора бўлгани уларни қизиқтирмасди ва унга мулойимроқ муомалада бўлиш керак, деб ўйлашмади *. Шундай экан, ғамгин инсонга тасалли бермоқчи бўлсангиз, у самимий ҳамдардликка муҳтож эканини унутманг. Уни Худога таянишга, Унинг иноятига, меҳр-шафқатига ва адолатли эканига ишонишига кўмаклашиб, имонини мустаҳкамлашга ёрдамлашинг. Агар Аюб учта дўстининг ўрнида бўлганида, у айнан шундай қилган бўларди. (Аюб 16:4, 5) Хўш, Аюб бенуқсонлик борасидаги ёлғон фикрларга қандай муносабат кўрсатди?

Аюб қатъий бўлиб қолди

Ночор аҳволдаги Аюб бу баҳслар бошланганидан анча олдинроқ қаттиқ тушкунликда эди. У бошиданоқ гоҳида оғзидан «аҳмоқона сўзлар» ва «бечоранинг сўзлари» чиқаётганини тан олди. (Аюб 6:3, 26) Бунинг сабаби тушунарли. Унинг сўзлари қалбидаги оғриқни акс эттирарди. Шунингдек, у нималар юз бераётганини охиригача тушунмасди. У ва оиласининг бошига кутилмаганда бирин-кетин қийинчиликлар келгани ва ҳатто улар илоҳий таъсир остида бўлгандек кўрингани учун, Аюб уларнинг сабабчиси Яҳова деб ўйлади. Аюб муҳим воқеалар ҳақида бехабар эди, шунинг учун, унинг хулосалари қайсидир маънода нотўғри фикрларга асосланганди.

Лекин Аюбнинг имони кучли эди. Бўлиб ўтган узоқ баҳсларда у айтган сўзларда имони аён бўляпти. Унинг ажойиб фикрлари ростгўй бўлиб, ҳозир ҳам бизга тасалли беради. У Худонинг ажойиб ижодлари тўғрисида гапирганда, Уни улуғлаган. Агар Худо буни очиб бермаганида, у буларни билмаган бўларди. Масалан, у Яҳова «ерни... бўшлиққа осиб қўйгани» тўғрисида айтган. Олимлар буни асрлар мобайнида билмаган *. (Аюб 26:7) Бундан ташқари, Аюб келажак борасида қандай умидга эга экани тўғрисида айтган. Кучли имонга эга бўлган бошқа кишилар ҳам шундай умидга эга эди. Аюб, агар ўлса, Худо уни эслайди ва соғинади ҳамда яна ҳаётга қайтаради деб ҳисоблаган. (Аюб 14:13–15; Ибронийларга 11:17–19, 35)

Қизиқ, бенуқсонлик масаласи бўйича нима деса бўлади? Элифаз ва унинг иккита дўсти инсоннинг бенуқсонлиги Худони қизиқтирмаслигини таъкидлади. Аюб бу ёлғон фикрга ишондими? Асло! Аксинча, у бенуқсонлик Худо учун аҳамиятли эканига амин эди. У қатъийлик ила қуйидагича деди: «Аллоҳ... бенуқсон эканимни билиб олади». (Аюб 31:6) Шунингдек, Аюб шуни кўра олдики, сохта юпатувчиларининг калта ўйланган фикрлари унинг бенуқсонлигини синади, холос. Бу борада Аюб узоқ вақт давомида гапирди ва унинг сўзлари шунчалик таъсирли бўлганидан учта дўсти нима дейишни ҳам билмай қолди.

Бенуқсонлик кундалик ҳаётда намоён бўлишини Аюб тушунган. Шу боис, у ҳар бир ишида қай йўсин бенуқсон қолганини мисоллар ёрдамида кўрсатган. У бутпарастликнинг ҳар қандай туридан қочган; бошқаларга меҳр ва ҳурмат кўрсатган; никоҳини қадрлаб, ахлоқан пок бўлган ва энг муҳими у фақатгина ҳақ Тангри Яҳовага содиқ қолган. Шундай йўл тутиб, у: «Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» — деб бемалол айта олган. (Аюб 27:5; 31:1, 2, 9–11, 16–18, 26–28)

Аюб бенуқсонлигидан воз кечмади

Аюбнинг имонига тақлид қилинг

Бенуқсонлик борасида Аюб каби нуқтаи назардамисиз? У ҳақида гапириш осон, лекин Аюб бенуқсонликни амалда кўрсатиш унча осон эмаслигини тушунган. Ҳатто қийин пайтларда ҳам, ҳар куни Худога итоатли қолиб ва Унинг иродасини бажариб, Унга бутунлайин ва чин қалбдан садоқатли эканимизни кўрсатамиз. Бу ҳаёт тарзимизга айланса, асрлар аввал бўлганидек, Аюб каби Яҳовани қувонтириб, Унинг душмани бўлган Шайтоннинг умидларини пучга чиқарамиз. Бу Аюбнинг имонига тақлид қилишнинг энг аъло йўли!

Аммо бу Аюбнинг ҳикояси тугади дегани эмас. Аюб муҳим бир нарсани унутди ва фақат ўз одиллигига диққат қаратиб, Худонинг тарафини эгалламади. У нуқтаи назарини ўзгартириши ва маънавий ёрдам олиши зарур эди. Лекин у ҳанузгача қаттиқ оғриқ ҳис этиб, қайғуга ботганди ва чинакам тасаллига худди ҳаводай муҳтож эди. Имонли ва бенуқсон киши учун Яҳова нима қилади? Бу туркумдаги бошқа мақолада мазкур саволга жавоб топамиз.

^ абз. 23 Балки Элифаз у ва дўстлари Аюбга баланд овозда гапирмагани туфайли, у билан мулойим тарзда гаплашдик деб ўйлаган. (Аюб 15:11) Аммо ҳатто мулойим оҳангда айтилган сўзлар ҳам шафқатсиз бўлиб, қаттиқ яралаши мумкин.

^ абз. 26 Тахминан 3 000 йил ўтгандан кейингина олимлар ер бирон нарсанинг устида туришига ҳожат йўқ эканини тушунишди. Космосдан туширилган суратлар туфайли яққол далил ёрдамида Аюбнинг сўзлари ўз исботини топди.