Асосий материалларга ўтиш

ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ

Ташқи кўринишим қандай?

Ташқи кўринишим қандай?

 Нега кийиниш тарзингизга эътиборли бўлишингиз лозим? Чунки кийимлар сиз ҳақингизда кўп нарсани очиб беради. Кийимингиз сиз ҳақингизда нима демоқда?

 Мода борасидаги учта катта хато ва улардан қочиш йўллари

1- хато. Реклама таъсирига берилиб кийиниш.

 Тириза исмли ўсмир қиз шундай дейди: «Кўпинча рекламалардаги кийиниш тарзи мени ўзига жалб қилади ва менда ҳам шундай кийиниш истаги пайдо бўлади. Одамлар муайян турдаги кийимларни кийиб юрганини кўрганингизда, сиз ҳам худди шундай кийинишни хоҳлайсиз».

 Реклама таъсирига фақатгина қизлар берилмайди. Бир китобда шундай дейилган: «Йигитлар ҳам ҳамма қатори кийинишга мойил бўлишади. Улар турли-туман рекламаларнинг қурбонига айланишади». («The Everything Guide to Raising Adolescent Boys»)

 Яхшироқ нуқтаи назар. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Содда ҳар бир сўзга ишонади, заковатли эса ҳар бир қадамини ўйлаб босади». (Ҳикматлар 14:15) Бу принципга риоя қилган ҳолда, нима реклама қилинаётгани ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Масалан, рекламада ҳаддан ортиқ эркин, очиқ-сочиқ ёки шаҳвоний ҳирсни уйғотадиган тарзда кийинишганини кўрганингизда, ўзингиздан шундай сўранг:

  •  «Бу кийимни кийсам, кўпроқ ким фойда кўради?»

  •  «Бундай кийимларни кийсам, одамлар мени қандай инсон сифатида қабул қилишади?»

  •  «Бундай кийиниш тарзи одамларда мен ҳамда қадриятларим ҳақида тўғри таассурот уйғотадими?»

 Маслаҳат. Ҳафта давомида кийимлар рекламаси ва модаларни кузатиб, ўзингизга шундай саволлар беринг: «Бундай кийиниш қандай ҳаёт тарзини олға суради? Реклама сизга муайян кийиниш услубини танлашни уқтирмаяптими?» Карэн исмли бир ўсмир қиз шундай дейди: «Мода кучли босим ўтказиб, сизни мукаммал кўринишга, кийинишга ва мукаммал фигурага эга бўлишга ундайди. Реклама қилувчилар ёшларни осонликча бошқариш мумкинлигини яхши билишади».

2- хато. Бошқаларга ўхшаш мақсадида улар каби кийиниш.

 Маньюэл исмли бир ўсмир шундай дейди: «Борди-ю, муайян турдаги кийим урфга кирган бўлса, ҳамма шундай кийинишга ҳаракат қилади. Агар сиз ҳам шундай кийинмасангиз, улар сизни ҳукм қилишади». Анна исмли ўсмир қиз бунга мутлақ қўшилади ва шундай дейди: «Гап фақат модада эмас, балки оқ қарға бўлиб қолмасликда».

 Яхшироқ нуқтаи назар. Муқаддас Китобда: «Ушбу замонга уйғунлашманглар»,— деб айтилган. (Римликларга 12:2) Бу маслаҳатга риоя қилган ҳолда, кийим жавонингизни кўздан кечириб, ўзингиздан қуйидагича сўранг:

  •  «Кийим танлашимга қандай омиллар таъсир қилади?»

  •  «Бренд кийимлар кийиш мен учун қанчалик муҳим?»

  •  «Кийиниш тарзим билан одамларни қойил қолдиришга интилмаяпманми?»

 Маслаҳат. Фақатгина иккита танловда тўхтаб қолманг. Биринчиси — сўнгги мода бўйича кийиниш (бошқалар томонидан тан олиниш). Иккинчиси — модадан ортда қолиш (бошқалар томонидан рад этилиш). Ундан кўра учинчи танловни кўриб чиқинг. Бу — қулай ва ўзингизни дадил ҳис қиладиган тарзда кийиниш. Ўзингизни танлаган кийимингизда қулай ҳис қилсангиз, бошқалардан ажралиб қоламан деб, ҳаддан ортиқ хавотирланмайсиз.

3- хато. «Қанча шаҳвоний ҳирсни уйғотса, шунча яхши» деб ўйлаш.

 Женифер исмли бир қиз шундай дейди: «Ростини айтсам, баъзида жуда калта, тор ёки очиқ кийимларни кийиш васвасаси туғилади».

 Яхшироқ нуқтаи назар. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Чиройингиз ташқи кўринишдан... иборат бўлмасин. Аксинча,.. қалбингиз тубида яширилган ... кийимдан... иборат бўлсин». (1 Бутрус 3:3, 4) Бу маслаҳатга риоя қилган ҳолда, сиз учун нима қадрли экани ҳақида ўйлаб кўринг. Сўнгги модадаги кийимми ёки инсоннинг ички дунёсими?

 Маслаҳат. Инсонни чиндан ҳам гўзал қиладиган нарса бу камтарликдир. Тўғри, бу хислат бугунги кунда унчалик кенг тарқалмаган, аммо шу ҳақда ўйлаб кўринг:

 Жудаям кўп ва фақат ўзи ҳақида гапирадиган инсон билан суҳбатлашганмисиз? Афсуски, у бундай хатти-ҳаракатлари билан бошқаларни ўзидан узоқлаштиришини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди!

Кийим ҳам худди суҳбат каби ҳаддан ортиқ эътиборни жалб қилса, одамларни сиздан узоқлаштиради.

 Агар кимдир бошқаларга ёқаман деб кийинишга ҳаракат қилса, худди ўша инсонга ўхшаб қолади. Бундай кийиниш тарзи «Менга бир қаранг!» деб қичқиришга ўхшайди. Бунинг оқибатида одамлар бундай инсон ҳақида «У бироз қатъиятсиз ва нуқул ўзи ҳақида ўйласа керак» деган хаёлга боришади. Натижада, сиз бошқаларда гўёки эътибор ёки ҳатто ноўрин эътибор кутаётгандек таассурот уйғотишингиз мумкин.

 Бошқалар сизга шундай қарашини истамасангиз, камтарона кийинишга ҳаракат қилинг. Моника исмли бир қиз шундай фикр билдирди: «Камтарона кийиниш кампиршолар каби кийинишни англатмайди. Бу ўзингиз ва атрофингиздаги инсонларни ҳурмат қилишни англатади».