ЁШЛАРНИНГ САВОЛЛАРИ
Ҳақоратли сўзларни айтиш ёмонми?
«Атрофимда ҳақоратли сўзларни кўп эшитганимдан бунга эътибор бермай қўйганман. Бугунги кунда бу оддий ҳолга айланган». (Кристофер, 17 ёш)
«Илгари роса кўп сўкинардим. Бунга одатланиш жуда осон, лекин бундай одатдан қутулиш ниҳоятда қийин». (Ребекка, 19 ёш)
Тест
Бошқалар сўкинганини эшитганингизда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
Ҳатто эътибор бермайман. Бу мен учун оддий ҳолга айланган
Бу менга унчалик ёқмайди, лекин сўкинаётганларни тўхтатмайман.
Менимча, бу жудаям ёмон. Бунга ҳеч қачон кўника олмайман.
Қанчалик тез сўкинасиз?
Ҳеч қачон
Баъзида
Тез-тез
Нима деб ўйлайсиз, сўкиниш жиддий муаммо ҳисобланадими?
Йўқ
Ҳа
Нега бу масала муҳим?
Сўкинишни жиддий муаммо деб ҳисоблайсизми? Сиз: «Унчалик эмас, дунёда бундан-да каттароқ муаммолар бор. Бунинг устига, ҳамма сўкинади!» — деб айтишингиз мумкин. Лекин ростдан ҳам шундайми?
Ҳайрон қоларсиз, лекин дунёда сўкинмайдиган одамлар кўп ва уларда бунинг учун асосли сабаблар бор ва бу сабаблар ҳақида бошқалар ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаган. Мана улардан баъзилари:
Сўкиниш — бу шунчаки сўзлар эмас. Сўзларингиз сиз қандай инсон эканингиз ҳақида кўп нарсани очиб беради. Ҳақоратли сўзлардан фойдаланишингиз бошқа инсонларнинг ҳис-туйғуларини инобатга олмаётганингиздан дарак беради. Сиз ростдан ҳам шундай инсонмисиз?
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Оғиздан чиқадиган нарсалар юракдан чиқади». (Матто 15:18)
Ҳақоратли сўзларингиз туфайли одамлар сиз ҳақингизда салбий фикрда бўлишади. Сўкиниш муаммосига оид бир китобда шундай дейилган: «Ким биз билан дўстлашиши, бизни оилада ва ишда қанчалик ҳурмат қилишлари, инсонлар билан муносабатларимиз, бизнинг фикримизни инобатга олиш-олмасликлари, иш топа олишимиз ё топа олмаслигимиз, мансабимиз кўтарилиши ё кўтарилмаслиги, нотаниш инсонлар бизга нисбатан қандай муомалада бўлиши гапириш тарзимиз билан чамбарчас боғлиқ». («Cuss Control») Қолаверса, бу китобда шундай дейилган: «Ўзингиздан: “Сўкинишни бас қилсам, бошқалар билан муносабатларим ўзгарадими?” — деб сўранг».
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳақоратли сўзларни... соқит қилинглар». (Эфесликларга 4:31)
Ҳақоратли сўзлар сизни, ўйлаганингиздек, зўр қилиб қўймайди. Доктор Алекс Пакер ўзининг «Қанчалик қўпол!» номли китобида қуйидагича ёзади: «Нуқул сўкинадиган одамларни тинглаб чарчайсиз». У яна қуйидагича таъкидлайди: «Ҳақоратли сўзларга тўлиб-тошган нутқ инсонга ақл-идрок, заковат, билимдонлик ва ҳамдардликни намоён этишга имкон бермайди. Доимо ҳақоратли сўзларни ишлатсангиз, бу сизни ақлли инсон қилиб қўймайди».
Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин». (Эфесликларга 4:29)
Нима қилса бўлади?
Олдингизга мақсад қўйинг. Бир ой ёки ундан камроқ муддат давомида ҳақоратли сўзларни ишлатмасликни мақсад қилиб олишингиз мумкин. Эришган ютуқларингизни календарь ёки жадвалга ёзиб боришингиз мумкин. Аммо ҳақоратли сўзларни умуман ишлатмаслик учун сиздан кўпроқ нарса талаб этилади. Масалан:
Онгингизни ҳақоратли сўзлар билан ифлослайдиган ўйин-кулгидан қочинг. Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади». (1 Коринфликларга 15:33) Бу ердаги «мулоқот» сўзи остида нафақат инсонлар, ўйин-кулгилар ҳам назарда тутилади. Масалан: сиз томоша қиладиган фильмлар, сиз ўйнайдиган видеоўйинлар ҳамда сиз тинглайдиган мусиқа. 17 ёшли Кеннет шундай дейди: «Қандайдир қўшиқ янграганида, унда ахлоқсиз сўзлар борлиги ҳақида ўйламай, шунчаки унинг мусиқаси ёққани учун жўр бўлиб куйлашни бошлашингиз ҳеч гап эмас».
Ўзингизни етук инсондай тутинг. Баъзилар катта инсондай кўриниш учун ҳақоратли сўзларни ишлатишади. Лекин аслида бундай эмас. Муқаддас Китобда етук инсонларга «улар зеҳнини ишга солиш орқали яхшини ёмондан ажратишга ўрганган етук кишилар» дея таъриф берилган. (Ибронийларга 5:14) Улар шунчаки бошқаларда таассурот қолдириш мақсадида ўз меъёрларини пасайтиришмайди.
Аслини олганда, ҳақоратли сўзлар ҳам онгингизни, ҳам атрофингиздаги муҳитни заҳарлайди. Ўзи бутун дунё ахлоқсизликка тўлиб кетган. Юқорида тилган олинган китобда бу ҳақда қуйидагича айтилган: «Сиз ҳам ҳақоратга тўла дунёда ҳақоратли сўзларни кўпайтирманг. Атроф-муҳитни тоза сақлаш учун ўз ҳиссангизни қўшинг. Исқирт ва ифлос сўзларни ишлатманг. Шунда ўзингизни яхшироқ ҳис қиласиз ва атрофингиздаги одамлар ҳам сизни ҳурмат қила бошлайди». («Cuss Control»)