Асосий материалларга ўтиш

Йилги мажлис ҳисоботи

«Ризқ-рўз вақтида»

Йилги мажлис ҳисоботи

«Қўриқчи Минораси Жамияти»нинг (Пенсильвания) 128- марта бўлиб ўтган йилги мажлисига бир нечта минг киши келди. Улар кучли қизиқиш ила ҳисоботларни ва Матто 24:45–47 даги оятларнинг муҳокамасини тинглаб далда олишди.

2012 йил 6 октябрда тахминан 5 000 киши Нью-Жерси штатидаги Жерси-Сити шаҳрида (АҚШ) Яҳова Шоҳидларининг Анжуман Залида йиғилди. Бруклин, Паттерсон ва Уолкиллдаги (Нью-Йорк штати) залларимизда ҳамда Канададаги филиалимизда 10 000дан зиёд одамлар аудио-видео орқали бу дастурни тинглаб томоша қилишди.

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши аъзоси ва йиғилишда раислик қилган Энтони Моррис ўтган йиллардаги энг ҳаяжонли ва тарихий мажлислардаги асосий фикрларни айтиб ўтди. Тингловчилар, бу йилги мажлиснинг дастури ҳам ҳаяжонга бой бўлишини билишарди. Лекин бу дастур тарихий бўлармикин?

Кейин эса, келганлар бутун дунё бўйлаб олиб борилаётган фаолиятимиз ҳақида иккита видео фильм томоша қилишди.

Йиғилиш Залларининг қурилиши.

Бу фильмда, имкониятлари чегараланган мамлакатларда Йиғилиш Залларининг қурилиши қанчалар муваффақиятли бўлгани кўрсатилди. Охирги 13 йил давомида Йиғилиш Залларини қуриш гуруҳлари бундай мамлакатларда 25 402 та Йиғилиш Залини қуришди. Бу, ўртача ҳисобда кунига 5 дан зиёд залга тўғри келяпти! Ушбу заллар, бутун дунёдаги Яҳова Шоҳидларининг хайр-эҳсонларига қурилган. Бундан ташқари, табиий офатлардан кейин тажрибага бой бу гуруҳлар дарров ишга тушиб, зарар кўрган кишиларга Йиғилиш Залларини ва уйларини таъмирлашга ёки тиклашга ёрдам беришган.

Махсус анжуманлар. 2012 йилда Яҳованинг Шоҳидлари бир нечта махсус анжуман ўтказишди.

У ерга бошқа мамлакатлардан ҳам имондошларимиз ташриф буюрган. Бу анжуманлар, илгари ўтказилган халқаро анжуманлардан нимаси билан фарқ қилади?

Видеофильмда кўрсатилгандай, анжуман бўлиб ўтган ҳафтада ташриф буюрганларни уй-жой, автотранспорт ва тушлик билан таъминлаш учун саёҳат идоралари эмас, балки анжуман бўлиб ўтадиган мамлакат филиали ғамхўрлик қилади. Ҳар бир анжуманга, чет элдан тахминан 1 500 та меҳмон келган.

Меҳмонлар ва маҳаллий Шоҳидларда нафақат анжуманда, балки сайр қилганда, овқат еганда ва маҳаллий аҳолига ваъз қилганда, ўзаро танишишга яхши имкон бўлган. Видеофильмда шундай дейилган: «Барча махсус анжуманларда, келганларни биродарлик севгиси бирлаштириб турарди».

Келганлар, бундан буён Яҳованинг Шоҳидлари ҳар йили бутун дунёдаги муайян шаҳарларда махсус анжуманларни ўтказишларини билиб, қувончга тўлишди!

Йилги мажлисда қуйидагилар ҳам ҳаяжонга солувчи онларга айланди:

Интервью.

Филиал қўмитасининг учта аъзоси ва уларнинг хотинлари, Яҳова уларга қай йўсин кўпгина турли вазифаларни бажаришни ўргатгани ҳақида айтиб беришди. Улар жами бўлиб, тўла вақтли хизматда 342 йил ўтказишган.

Германиядаги Филиал қўмитасининг аъзоси Ричард Келси, Филиал қўмита аъзолари ва уларнинг хотинлари учун махсус таълим туфайли «доимо Яҳованинг кўрсатмасига амал қилиш кераклигига» ўрганиб олганини айтди. Тангри Яҳова меҳрибон Отамиз бўлиб, барчамизга фақатгина яхшилик тилайди. У шундай бўлишди: «Худо, бизнинг абадий яшашимизни хоҳлайди ва бизга турли томонлама ғамхўрлик қилади». Бу мактаб, Филиал қўмита аъзоларини Яҳованинг меҳрга тўла ўрнагига тақлид қилишга ўргатди.

Линда Йоханссон опамизни 1958 йили Қўриқчи Минораси Жамиятининг Гилад номли Муқаддас Китоб мактабига таклиф этишганда, у сувга чўмганига бор-йўғи икки ярим йил ва турмушга чиққанига бир йил бўлган. Опамиз қуйидагича деди: «Мактабга келиб, етук ва тажрибали биродарлар билан бирга ўқишимни кўриб: “Вой, мен бу ерда нима қиляпман ўзи?” — деб ўйлагандим».

Бироқ бундай туйғуларга қарамай, Йоханссон опамиз астойдил ўқиб, мактабни тугатгач, эри иккаласи Малавига тўла вақтли махсус ваъзгўй бўлиб тайинланишди. Бу мамлакатдаги Яҳованинг Шоҳидлари ваҳшиёна қувғинларга дуч келганидан сўнг, опамиз илгари фаолиятимизга қаршилик кўрсатган бир мансабдор киши билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказган. Бугунги кунда, ўша кишининг хотини, ўғли ва қизи Яҳованинг Шоҳидларидир.

Кўчама-кўча хизмат қилиш.

Эр-хотинлар учун Муқаддас Китоб мактабининг тўртта битирувчиси ва Нью-Йоркда кўчма нозир бўлиб хизмат қиладиган акамиз, улар одам гавжум бўлган кўчаларда ваъз қилишганда, юз берган воқеаларни айтиб беришди.

Одам гавжум жойларда, Яҳова Шоҳидларининг тўла вақтли хизматчилари Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни стенд ва адабиёт ташийдиган аравачаларга қўйиб хизмат қилишади. Йўловчилар адабиётлар олиши, Муқаддас Китоб ҳақида саволлар бериши ва Худонинг Каломини тадқиқ қилиш тўғрисида сўрашлари мумкин.

Нью-Йорк, Чикаго ва Лос-Анжелеснинг бошқа ҳудудларида Яҳованинг Шоҳидлари худди шу тарзда хизмат қилишади. Бир йилнинг ўзида тахминан 2 700 киши бундай стол ва аравачалар ёнига келиб, Муқаддас Китоб тадқиқини сўрашган.

Болалар хори.

17 боладан иборат хор «Худованд Яҳовани тараннум этинг» рисоласидаги (рус) 120- қўшиқни куйлаганда, деярли ҳамма ўтирганларнинг кўзига ёш келди.

Сўнг, олти қисмдан иборат бўлган нутқлар мажмуи билан Етакчи кенгаш аъзолари Жексон, Лёш, Пирс, Хёрд, Летт ва Сплэйн биродарларимиз чиқишди. Улар, Матто 24:45–47 даги Исонинг сўзларини таҳлил қилиб, маъносини муҳокама қилишди:

«Уйидагиларга ризқ-рўзни вақтида бериб туриш учун хўжайин улар устидан тайинлаган ишончли ва ақлли хизматкор ким? Хўжайин қайтиб келгач, хизматкорни ўз вазифасини бажараётган ҳолда кўрса, бу хизматкор нақадар бахтлидир! Ишонаверинг: хўжайин бор мол-мулкини унга ишониб топширади».

Нутқлар мажмуида қуйидаги саволларга жавоблар берилди:

Исо «ишончли ва ақлли хизматкорни» уйидагилари устидан қачон тайинлаган?

Келинг, Матто 4- бобидаги Исонинг сўзларини матн таркибида кўриб чиқайлик. Бу ерда келтирилган барча оятлар Масиҳининг ҳозир бўлиши, «замона охирлаб бораётган» пайтда амалга ошиши керак (3- оят).

  • «Ўша кунлардаги қайғу» (29- оят).

  • «Бу авлод» (34- оят).

  • «У кун ва у соат» (36- оят).

  • «Ҳазратингиз қайси куни келиши» (42- оят).

  • «Инсон Ўғли сизлар ўйламаган соатда келади» (44- оят).

Масиҳнинг ҳозир бўлиши 1914 йили бошланганда, «ишончли ва ақлли хизматкор» пайдо бўлган деб ҳисоблаш мантиқан тўғри.

Қолаверса, Исо: «Ишончли ва ақлли хизматкор ким?» — деган саволни кўтариш ўринли бўлган пайтда «хизматкор» пайдо бўлишини таъкидлаган. Исонинг ҳаворийлари илоҳий инъомларга эга бўлгани учун, мил. биринчи асрда бу саволни кўтаришга сабаб бўлмаган (1 Коринфликларга 14:12, 24, 25). Гарчи, ҳаворийлар ва мил. биринчи асрдаги бошқа масиҳийлар муқаддас руҳ билан мойланган бўлишса-да, улар Исо башорат қилган «ишончли ва ақлли хизматкор» бўлишмаган.

Шу боис, Исо уйидагилари устидан «ишончли ва ақлли хизматкорни» ўзининг ҳозир бўлиши, «замона охирлаб бораётган» пайтда тайинлаган деб хулоса қилиш тўғридир.

«Ишончли ва ақлли хизматкор ким?»

Исо, «хизматкор» тўғрисида алоҳида бир одам эмас, балки бир тана каби уйғунликда ишлайдиган гуруҳ ҳақида гапиргандай айтган. Исо таъкидлаганидай, бу хизматкор 1) хўжайиннинг «уйидагилари» устидан тайинланган ва 2) уйидагиларга «ризқ-рўзни вақтида» беради.

1919 йилдан бери Яҳова Шоҳидларининг Бош идорасида доим мойланган масиҳийлардан иборат кичик гуруҳ бор. Улар бутун дунёдаги воизлик фаолияти устидан назорат қилиб, маънавий ризқ-рўзни тайёрлашда ва уни етказишда тўғридан-тўғри қатнашишган. Бу гуруҳ охирги йилларда Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши деб танилади.

Маълумотларга кўра, «ишончли ва ақлли хизматкор» Исонинг уйидагилари устидан 1919 йили тайинланганини кўрсатмоқда. Бу хизматкор, мойланган биродарлардан иборат кичик гуруҳ бўлиб, Масиҳнинг ҳозир бўлиш пайтида Халқаро бош идорада хизмат қилади ва маънавий озуқани тайёрлаш ҳамда уни етказишда бевосита иштирок этади. Бу гуруҳнинг аъзолари биргалашиб Етакчи кенгаш сифатида меҳнат қилишганда, «ишончли ва ақлли хизматкор» бўлиб ҳаракат қилишади.

«Уйидагилари» ким?

Исо, «уйидагилари» «ризқ-рўзни вақтида» олишади деб айтган. Исонинг ҳақиқий издошларининг ҳаммаси «ишончли ва ақлли хизматкордан» озуқа олишади. Шунинг учун, Масиҳнинг барча шогирдлари — алоҳида мойланган масиҳийлар ҳам, «бошқа қўйлар» ҳам унинг «уйидагиларини» ташкил этади (Юҳанно 10:16).

Нотиқ, Исонинг башоратидаги бу тафсилотни тушунтиргач, залдаги барча кишилар олқишлаб қарсаклар чалишди. Кейинчалик, баъзилар Исо уларни «уйидагилари» деб ҳисоблашидан миннатдорчилик изҳор этишди.

Исо «бор мол-мулкини» хизматкорга қачон ишониб топширган?

Исо айтганидай, «хўжайин қайтиб келгач», ғамхўрлик қилиши учун «бор мол-мулкини унга ишониб топширади». Хўш, Хўжайин бўлмиш Исо қачон келади?

«Келгач» сўзи, юнонча эрхомай сўзидан таржима қилинган. 24- бобнинг 42- ва 44- оятларида эрхомай сўзи «келади» деб ўгирилган. Ушбу оятларда, Исо буюк мусибатда Ҳакам сифатида келадиган пайт тўғрисида айтаётгани ёзилган (Матто 24:30; 25:31, 32).

Шунинг учун, Исонинг «бор мол-мулкини» «хизматкорга» топшириши ҳақидаги сўзлари келажакда рўёбга чиқиши керак. Бу, буюк мусибат пайтида юз беради.

Исонинг «мол-мулки» бу нима?

Исо: «Аллоҳ менга еру осмондаги барча нарсани ишониб топширди»,— деб айтган (Матто 28:18). Шу сабабли, Исонинг «мол-мулкига» нафақат ер юзидаги нарсалар тегишли. Унга Масиҳий Шоҳлик ҳам киради (Филиппиликларга 2:9–11).

Демак, Исо «ишончли ва ақлли хизматкорни» тақдирлаб, бу гуруҳнинг аъзоларини самовий ҳаёт учун тирилтиради ва Масиҳнинг осмондаги ҳамда ердаги бор мол-мулки устидан ҳукм суриш ҳуқуқини беради. Бу мукофот шунингдек, барча садоқатли мойланган масиҳийларга ҳам ваъда қилинган (Луқо 22:28–30; Ваҳий 20:6).

Нутқлар мажмуининг охирги қисмида ўзгача бир эълон бўлди. Матто 28:20 даги Исонинг сўзларини ўқиб, Сплэйн акамиз шундай деди: «Имонимизга имон қўшаётган яна бир сабабимиз бор. У ҳақда 2013 йилнинг оятида ёзилган. Қизиқ, бу қанақа сабаб? Муқаддас Китобда: «Жасоратли ва дадил бўл... Худойинг Яҳова сен биландир»,— деб айтилган (Ёшуа 1:9, ЯДТ).

Якуний сўзларида биродаримиз Моррис қуйидагиларни айтди: «Келаси йил нима юз беради? Кейинги йилги мажлиснинг дастури 2013 йили 5 октябрда бўлиб ўтади ва Қўшма Штатлардаги ҳамда инглиз тилида гапирадиган бошқа мамлакатлардаги айрим Анжуман Залларида одамлар аудио-видео орқали бу дастурни тинглаб томоша қилишади».

Бу дастурни фақат инглиз тилида аудио-видео орқали тинглаб томоша қилиш мумкин. У бошқа тилларга ўгирилмайди.

Кўтаринки руҳда ўтган бу тарихий дастурдан кейин, келганларнинг ҳаммаси сидқидилдан «Худованд Яҳовани тараннум этинг» рисоласидаги (рус) 116- қўшиқни куйлашди. У қўшиқда шундай сўзлар бор:

«Ҳазратимиз хизматкорини тайинлади,

У бизга ўз вақтида кўмаклашади.

Ҳақиқат нури ёришаверади,

Қалб ва онгга таъсир қилаверади».