Асосий материалларга ўтиш

Нигерияда 3 000 та Йиғилиш Зали қурилди

Нигерияда 3 000 та Йиғилиш Зали қурилди

Бенин-сити шаҳридаги (Нигерия) Яҳова Шоҳидларининг Анжуман Залида қувончли бир ҳодиса муносабати билан 2014 йил 1 март шанба куни 823 киши йиғилди. 1999 йили, имкониятлари чегараланган мамлакатларда Йиғилиш Залларини қуриш дастури бошлангандан бери, Яҳованинг Шоҳидлари Нигерияда 3 000 та шундай бино барпо этишди.

Олдин

Ўша учрашувда, Нигерияда 1920 йиллардан буён йиғилишлар ўтказилиши учун жой билан таъминлаш мақсадида қандай ишлар олиб борилганининг қисқача тарихи айтиб ўтилди. Авваллари, хусусий уйлар ва ижарага олинган заллардан фойдаланилган. Биринчи ҳисоботларга кўра, Яҳованинг Шоҳидлари фақатгина жамоат учрашувлари учун фойдаланган илк зал, тахминан 1935 йили Илеса шаҳрида қурилган эди. 1938–1990 йиллар орасида жамоатлар сони деярли 200 баробарга, яъни 14 дан 2 681 гача ошган ва уларнинг аксарияти йиғилиш учун бирон жой топишга қийналишарди. Айрим Йиғилиш Залларида олтита жамоат, учрашувларини ўтказарди. Бошқа жойларда эса, йиғилишларга шу қадар кўп одам келганидан, ҳатто зал ташқарисида туриб, дастурни деразалардан тинглашларига тўғри келарди. Ҳозир ҳам анчагина жамоатлар, учрашувларни хусусий уйлар ва мактабларда ўтказишади.

Кейин

1990 йили, Яҳова Шоҳидларининг филиали залларнинг қурилишини қўллаб-қувватлаш ниятида, Йиғилиш Залларининг жамғармаси орқали маблағ ажрата бошлаган. 1997 йилга келиб, ҳудудий қурилиш қўмиталари 105 та жамоатга заллар қуришда ёки уларни таъмирлашда кўмаклашган. 1997–1999 йилларда 13 та зал барпо этилиб, уларнинг қурилишига одатда 7 дан 15 кунгача вақт кетган.

Ҳатто бундай тезлаштирилган қурилиш ишлари ҳам камлик қилган, негаки Нигерияда Яҳова Шоҳидларининг сони ундан-да тезроқ ортиб борган. Филиалнинг 1998 йил апрель ойидаги ҳисоботига кўра, ўшанда Нигерияда 1 114 та зал қурилишида эҳтиёж бўлган.

Бенин-сити шаҳрида ўтган ушбу ўзгача учрашувда, Нигерия Филиал қўмитасининг аъзоси Дон Трост биродаримиз шундай деди: «Бу, улкан топшириқ эди! “Буни қандай уддалаймиз?” — деб ташвишлангандик». 1999 йили ушбу саволнинг жавоби топилди, яъни Йиғилиш Залларини қуриш гуруҳлари ташкил этилиб, улар 6 дан 8 гача аъзодан иборат эди. Бу гуруҳлар, мамлакат бўйлаб жамоатларга қурилишда кўмаклашишган. Соддалаштирилган лойиҳаларни қўллаб, улар сўнгги 14 йил мобайнида ҳар ой ўртача ҳисобда 17 та зал қуришган.

Трост биродаримиз бажарилган ишлар учун келганларни мақтагач, юмуш ҳали кўп эканини ҳам айтиб ўтди. 2013 йил давомида Нигериядаги Яҳова Шоҳидларининг ўртача сони 8 000 дан зиёд кишига ортган. «Келажакдаги ўсишни инобатга олган ҳолда, ҳар йили яна 100 та зал қуришга тўғри келади»,— деди акамиз Трост. 2013 йили, Нигерияда 5 700 дан ортиқ жамоатлардаги Яҳова Шоҳидларининг юксак сони 351 000 га етган.